Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан ўтказилган давлат органлари ва ташкилотларида очиқликка оид қонунчилик ҳужжатларида белгиланган мажбуриятларга риоя этилиши ҳолати бўйича мониторингда маълумотларнинг ярми очиқланаётгани аниқланган. Бу ҳақда агентлик матбуот хизмати хабар берди.
Мониторингда 93 та вазирлик, идора ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг 2023 йил 3 чорагидаги фаолияти мобайнида Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПФ-6247-сон фармонида белгиланган ижтимоий аҳамиятга молик 35 та тоифадаги маълумотларни эълон қилиш даражаси ўрганилди.
Натижаларга кўра, 93 та вазирлик, идора ва ҳокимликлар томонидан умумий 52 % самарадорлик кўрсаткичи қайд этилган. Яъни эълон қилиниши лозим бўлган 1 минг 103 та маълумотлардан 577 таси чиқарилган.
Шунингдек, идоралар кесимида ижро самарадорлиги вазирликлар фаолиятида 66 %ни, қўмиталарда 56 %ни, агентликларда 54 %ни, ҳокимликларда 56 %ни, давлат улуши мавжуд ташкилотларда 43 %ни, банкларда 32 %ни ва марказий муассасаларда 31 %ни ташкил этган.
Билдирилишича, якунда агентлик 23 та давлат органлари ва ташкилотларига талабларнинг бузилишига йўл қўйган масъул ходимларни интизомий жавобгарликка тортиш тўғрисида тақдимнома киритган.
Маълумот учун, мониторингда 21 та вазирлик, 7 та қўмита, 11 та агентлик, 7 та марказий муассаса, 13 та ҳокимлик ва Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, 23 та давлат улуши мавжуд ташкилот ва 10 та банк томонидан маълумотларни белгиланган ахборот ресурсларида эълон қилиниши таҳлил қилинди.