Сурхондарё вилояти Қумқўрғон тумани ҳоким ёрдамчиси фуқароларнинг номига 132 миллион сўм кредит олиб, ишлатиб юборгани аниқланди. Бу ҳақда вилоят прокуратураси матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Қумқўрғон тумани “Тўда” МФЙда ҳоким ёрдамчиси лавозимида 2022 йилнинг 11 январидан буён ишлаб келган У.Т. бир вақтнинг ўзида тадбиркорлик фаолияти билан ҳам шуғулланган.
У 2022 йил 29 мартда ўзи таъсисчилигида ташкил этган ”Volunteer Team” МЧЖни 2023 йил 20 сентябрга қадар бошқариб, таъминотчи сифатида фуқаро М.Э. ва бошқаларнинг ишончига кирган ва уларнинг электрон имзоларини қўлга киритган.
Сўнг эса фуқароларнинг номига иссиқхона фаолияти ташкил этиш учун 4 маротаба 33 миллион сўмдан жами 132 миллион сўм кредит ажратилишига эришган. Пулларни эса ўзи раҳбарлик қилаётган жамият ҳисобига тушириб, ўз эҳтиёжларига ишлатиб юборган.
Мазкур ҳолат юзасидан 2023 йил 9 октябрда Қумқўрғон тумани прокуратураси томонидан ”Volunteer Team” МЧЖ раҳбари У.Т. га нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) 3-қисми “б,в” бандлари билан жиноят иши қўзғатилган.
Ҳозирда жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари Қумқўрғон тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов гуруҳи томонидан олиб борилмоқда. Тергов ҳаракатларининг бориши вилоят прокуратураси томонидан назоратга олинган.