⚡️Сурхондарёда 82 млн тонна кўмир захираси аниқланди

Шавкат Мирзиёев 16 ноябрь куни Сурхондарё вилоятидаги Тўпаланг гидроэлектр станциясига бориб, модернизация ишларини кўздан кечирди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, мамлакат ҳам иқтисодий, ҳам аҳоли сони жиҳатидан ўсиб, энергетика қувватларига талаб йилдан йилга ортмоқда. Буни таъминлаш мақсадида давлат томонидан барча манбалар ишга солинмоқда. Жумладан, гидроэнергетикани ривожлантиришга катта урғу бериляпти. Сўнгги йилларда 19 та янги гидроэлектр станция барпо этилди, 13 таси модернизация қилинди.

Улардан энг муҳими Тўпаланг гидроэлектр станциясидир. У 2006 йилда ишга туширилган пайтда жами 30 мегаватт қувватли иккита агрегат бўларди. Давлат раҳбари 2019 йил апрелда бу ерга ташриф буюриб, яна иккита гидроагрегат қуриш юзасидан топшириқ берган эди. Аввалига сув омбори тўғони қўшимча 20 метрга кўтарилди. Натижада унинг сиғими 380 миллион куб метрдан 500 миллионга етказилди. Замонавий технологиялар асосида қурилиш-монтаж ишлари олиб борилиб, жами қуввати 145 мегаваттли иккита агрегат ўрнатилди. Шу тариқа, Тўпаланг ГЭСнинг умумий қуввати 175 мегаваттга етиб, Чорвоқ ГЭСдан кейин мамлакатдаги иккинчи йирик станцияга айланди.

Самарадорлигини айтганда, бу ерда йилига қўшимча 467 миллион киловатт/соат электр қуввати яратилди. Қарийб 167 мингта хонадоннинг электр таъминоти яхшиланди. Бу йилига ўртача 107 миллион метр куб табиий газ тежалади, деганидир.

Президент шу йил мартда Сурхондарё вилоятига келганида Тўпаланг гидроэлектр станциясини модернизация қилиш лойиҳаси фойдаланишга топширилган эди. Бу галги ташриф чоғида иш жараёни билан яқиндан танишилди. Шу ерда Тўпаланг дарёси негизида гидроэнергетика қувватларини ошириш бўйича тақдимот ўтказилди. Унга кўра, келгуси йилларда дарёнинг юқори қисмида қуриш учун 20 та истиқболли лойиҳа шакллантирилган. Уларнинг умумий қуввати 264 мегаватт бўлиши мўлжалланган.

Давлат раҳбари бу ишларни кенгайтириб, ҳар бир сой, имконияти бор ҳар бир маҳаллада микро ГЭСлар барпо этиш мумкинлигини таъкидлади.

Шунингдек, Сурхондарёда кўмир қазиб олиш имкониятлари бўйича ахборот берилди. Қайд этилганидек, ҳудудда 82 миллион тонна кўмир захираси аниқланган. Бугунги кунда 541 минг тонна қазиб олинмоқда. Бу ҳажмни 2 миллион тоннага етказиш, мутахассислар тайёрлаш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.