Бош прокуратура ҳузуридаги департамент матбуот хизмати хабар қилишича, Хоразм, Навоий вилоятлари ва Қорақалпоғистонда жами 1270,3 тонна аҳолига имтиёзли нархларда сотилиши керак бўлган кўмирни талон-торож қилиш ҳолати аниқланган.
Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Урганч туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда «Кўмир таъминот» МЧЖнинг Урганч кўмир омбори мудири М.Н. ва бошқалар аҳолига имтиёзли нархда кўмир етказиб берилганлигини тўғрисида сохта ҳужжатларни расмийлаштириб, 678,5 тонна кўмирни ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилганликлари аниқланган.
Департаментнинг Нукус шаҳри, Тўрткўл, Амударё ва Қўнғирот туманлари бўлимлари ўтказилган терговга қадар текширувларда «Кўмир таъминот» МЧЖнинг юқоридаги шаҳар ва туман омборхонаси масъул шахслари аҳолига имтиёзли нархларда сотиш учун ажратилган жами 435,5 тонна кўмирни ва департаментнинг Навоий вилоят бошқармаси томонидан ўтказилган терговга қадар текширувларда «Кўмир таъминот» МЧЖнинг Қизилтепа кўмир омбори масъул шахслари 156,3 тонна кўмирни ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилганликлари аниқланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ, «Кўмир таъминоти»нинг Тошкент вилояти филиали бошлиғи пора билан қўлга тушгани, Тошкент, Сирдарё, Андижон ва Наманган вилоятларида аҳолига ажратилган кўмир талон-торож қилингани хабар қилинганди.