Украинада 20 мингга яқин одам ҳарбий хизматга бормаслик учун чегарани ноқонуний кесиб ўтган. Бу ҳақда BBC хабар берди.
Нашр томонидан Руминия, Молдова, Венгрия, Словакия ва Польша расмийларига жўнатилган сўровга кўра, 2022 йилнинг февралидан 2023 йилнинг 31 августига қадар украиналик 19 минг 740 нафар одам бу давлатлар билан чегараларни ноқонуний кесиб ўтган.
Шунингдек, Украина расмий маълумотларига кўра, мамлакат чегарачилари томонидан шу вақт оралиғида чегарани ноқонуний кесиб ўтмоқчи бўлган 21 минг 113 киши қўлга олинган. Улардан 14 минг 313 таси шунчаки чегарани ёки чегара дарёларини кесиб ўтиш орқали қочиб кетишни режалаштирган. Қолган 6 минг 800 нафари эса чегарадан ўтиш учун сохта ҳужжатлардан фойдаланган.
Украина Президентининг парламентдаги вакили Федор Вениславский эса бу ҳақдаги саволга жавобан, ҳарбий хизматга чақириладиганларнинг атиги 1-5 фоизи армиядан қочишга ҳаракат қилишини ва бу Украинанинг жанговар самарадорлигига таъсир қилмаслигини айтди.