Ўзбекистон халқ артисти, Ўзбекистон Маданият вазири Озодбек Назарбеков Санкт-Петербургда ўтган Бирлашган маданиятлар форуми доирасида Россия Федерацияси Маданият вазири Ольга Любимова билан суҳбат чоғида бир жинсли никоҳ ва бошқа ташқи таҳдидларга қарши туриш йўлини айтди.
“Маданий хилма-хилликни сақлаган ҳолда маданий меросимиз ва қадимий анъаналаримизни асраб-авайлаш ва халқаро маданий алмашинувни кучайтириш – бир жинсли никоҳлар, ноаниқ поп маданият анъаналари, қалбаки санъат ва ёшлар онгига салбий таъсир кўрсатишга қаратилган адабий образлар яратишга уринишлар каби турли эҳтимолий ташқи таҳдидларга қарши туришнинг муҳим омили ҳисобланади. Юқоридагиларнинг барчаси маданиятга бевосита таҳдид солади. Шу нуқтайи назардан, инсониятнинг маънавий ривожланишининг келажаги бевосита маданиятларнинг софлиги ва ҳақиқийлигини сақлашга боғлиқ”, деган Назарбеков.
Вазир Ўзбекистонда 130 дан ортиқ турли миллат ва элат вакиллари тинч-тотув яшаётгани, уларнинг маданият марказлари мавжуд бўлиб, уларга ўз маданиятини эркин намойиш этиш имкони берилаётганини алоҳида урғулаган.