Президент профилактика инспекторларини тайинлашга доир қонунни имзолади

Президент томонидан «Ўзбекистон президенти ва ҳукуматининг айрим ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчаларни киритиш тўғрисида»ги фармон имзоланди.

Эндиликда:

профилактика инспекторини лавозимга тайинлаш ва лавозимидан озод этиш, стажи ва тажрибасини инобатга олган ҳолда маҳаллага бириктириш ҳамда маҳалла орасида ротация қилиш Қорақалпоғистон Республикаси ички ишлар вазири, Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти ИИББ ҳамда вилоятлар ички ишлар бошқармалари бошлиқлари томонидан ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси хизмати билан келишилган ҳолда амалга оширилади (профилактика инспектори лавозимидан катта профилактика инспектори лавозимига ўтказиш бундан мустасно);

Қорақалпоғистон Республикаси ички ишлар вазирлиги, Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти ИИББ ва вилоятлар ички ишлар бошқармалари Жамоат хавфсизлиги хизматининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармалари бошлиқлари ва уларнинг ўринбосарлари ҳамда ижтимоий профилактика бўлим бошлиқлари ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаментининг Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси хизмати билан келишилган ҳолда белгиланган тартибда лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади (юқори турувчи раҳбарлик лавозимига ўтказиш ҳолатлари бундан мустасно).

«Ички ишлар вазирлиги молия ва моддий техника таъминоти бош бошқармаси маиший ишлаб чиқариш комбинати» ДУК давлат акция пакетлари (улушлари) тўлиқлигича оммавий савдолар орқали хусусий секторга сотиладиган корхоналар рўйхатидан чиқарилмоқда.

Тиббиёт ходимларига белгиланган моддий рағбатлантириш тартиби 2024 йил 1 январдан бошлаб ИИВ тизимидаги тиббиёт ва фармацевтика ходимларига (махсус ҳарбий унвонга эга бўлган ходим ҳамда ҳарбий хизматчилардан ташқари) нисбатан ҳам татбиқ этилади.