Мазкур маблағ ҳисобига “Нуроний” жамғармаси Тошкент шаҳар бўлими томонидан ҳар ойда “Оталар чойхонаси”, “Уч авлод учрашуви”, “Бувижонлар мактаби” ва бошқа шу каби учрашувлар ташкиллаштирилади.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги “Оталар чойхонаси”, “Уч авлод учрашуви” ва “Бувижонлар мактаби” тадбирларини ўтказиш ҳамда “бир пиёла чой” учун бюджетдан 10 млрд сўм маблағ ажратди. Бу ҳақда 2023 йил 23 ноябр куни шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқовнинг қарори қабул қилинган.
“Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгашининг “Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетининг 2022 йилдаги қўшимча манбаларини харажатларга йўналтириш ҳақида” 2022 йил 22 апрелдаги қарори билан “Нуроний” жамғармаси Тошкент шаҳар бўлими томонидан ҳар ойда “Оталар чойхонаси”, “Уч авлод учрашуви”, “Бувижонлар мактаби” ва бошқа шу каби учрашувларни ташкиллаштириш, шунингдек, “бир пиёла чой устида суҳбатлашиш”, тақдирлаш ва бошқа тадбирларни ўтказиш учун 10 млрд сўм маблағ ажратилганлиги инобатга олинсин”, дейилади ҳоким қарорида.
Ҳужжатда шаҳар ҳокимлигига мазкур тадбирларни ташкиллаштириш ва тақдирлаш мақсадида Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетининг шу йилги иккинчи чорак даромадлари режасини ошириб бажарилган қисмидан 500 млн сўм маблағ тақсимланиши белгиланган.
Тошкент шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосарига ҳамда ажратилган маблағларни “Нуроний” жамғармасининг Тошкент шаҳар бўлимига ўтказиб берилишини таъминлаш вазифаси юклатилган.