Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтмоқда. Унда бир қатор қонун лойиҳалари ва бошқа масалаларни муҳокама қилиш кўзда тутилган.
Мажлисда дастлаб экологик ҳолатни янада яхшилашга қаратилган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилди.
–Мамлакатимизда атроф табиий муҳитни муҳофаза қилиш, экологик хавфсизликни таъминлаш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ҳамда санитария ва экологик ҳолатни яхшилаш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда, – деди Спикер ўринбосари Х.Ғаффоров. –Бироқ қурилиш, ишлаб чиқариш ва урбанизация кўламининг кенгайиши атроф табиий муҳитга ифлослантирувчи моддалар чиқарилишининг кескин ортишига сабаб бўлмоқда. Шунга кўра, атроф табиий муҳитнинг нормативдан ортиқ даражада ифлосланишининг олдини олиш мақсадида табиатга зарарли таъсир кўрсатаётган объектлар фаолиятини чеклаш ва тўхтатиб қўйиш мезонларини қайта кўриб чиқишни тақозо этмоқда.
Мазкур қонун лойиҳаси билан эса қонун ҳужжатларига атроф табиий муҳитни нормативдан ортиқ даражада ифлослантирувчи корхоналар, ташкилотлар, иншоотлар ва бошқа объектлар фаолиятини ўн иш кунидан кўп бўлмаган муддатга чеклашни ҳамда тўхтатиб туришни назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилмоқда.