Олимпиада-2024: Париж маъмурияти метро чиптаси нархини икки баравар оширди

Париж маъмурияти Олимпиада вақтида метро чипталари нархини деярли икки баравар оширишга қарор қилди. Яъни, унинг нархи 2,10 ўрнига 4 евро бўлади.

Жамоат транспортини тартибга солувчи Иль-де-Франс раҳбари Валери Пекресснинг сўзларига кўра, маҳаллий аҳоли учун нарх ўзгармайди ва меҳмонларга 20 июлгача чипта сотиб олиш тавсия этилади.

Тарифларнинг ошиши транспорт хизматлари юкламасининг кескин ошиши билан изоҳланди. Бу ҳудудга 200 миллион еврога тушади. Шу тариқа бюджет харажатлари туристлар ҳисобидан тўлдирилади.

“Олимпиада ва Паралимпия ўйинлари муносабати билан Île-de-France Mobilités компанияси транспорт хизматлари ҳажмини икки баравар оширади. Қўшимча харажатларни Париж аҳолиси ўз зиммасига олмайди. Шунинг учун биз янги тарифни жорий қилмоқчимиз. Кунига 16 евро — адолатли нарх. 20 июлдан 8 сентябргача бир ҳафталик саёҳат чиптаси 70 еврогача, метро чиптаси 4 евро, шаҳар ташқарисига чиқадиган электромобилларда юриш эса 6 евро туради”, — деди Пекресс видеомурожаатида.

Прогнозларга кўра, 2024 йилги Олимпия ўйинлари вақтида Франция пойтахтига 10 миллион сайёҳ ташриф буюради. Парламент ҳисоботига кўра, минтақа 5-10 миллиард евро орасида фойда кўриши мумкин.