ИМЕИ билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик белгиланди

Сенатнинг 47-ялпи мажлисида хориждан олиб келинаётган ёки блокланган уяли алоқа қурилмаларига маълум бир ҳақ эвазига ўзгаларнинг ИМЕИ кодларини кўчириб бериш ҳолатлари кўпайиб бораётгани таъкидланди.

Қайд этилишича, ҳозир биргина ИМЕИ кодида 5011 та, яна бошқа бир ИМЕИ кодида эса 2347 та СИМ-карталар бир вақтда фаол ҳолатдалиги аниқланган. Қонунчиликда бундай ҳаракатларни содир этган шахсларга нисбатан бирон-бир ҳуқуқий таъсир чорасини қўллаш белгиланмаган.

Шу сабабли қонунчиликдаги мазкур бўшлиқларни бартараф этиш мақсадида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга мобил қурилманинг халқаро ўзига хос идентификация кодини ёки абонент қурилмасининг идентификациялаш модулини қонунга хилоф равишда ўзгартирганлик учун маъмурий жавобгарлик киритилмоқда. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланган.