Қирғизистон парламенти депутатлари энергетик ичимликларни тақиқловчи қонун лойиҳасининг концепциясини маъқуллади.
Ижтимоий сиёсат қўмитаси йиғилишида Қирғизистон ҳудудига энергетик ичимликларни олиб кириш, ишлаб чиқариш ва сотишни тақиқловчи қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.
Тақиқ ташаббускори Жогорку Кенеш депутати Улан Бакасовнинг таъкидлашича, қонун лойиҳаси фуқаролар саломатлигини муҳофаза қилиш ва энергетик ичимликларни истеъмол қилиш натижасида юзага келадиган оқибатларни камайтиришга қаратилган.
Унинг сўзларига кўра, энергетик ичимлик таркибида уч стакан кофе ва 14 ош қошиқ шакар мавжуд.
Ижтимоий сиёсат қўмитаси раиси Винера Раимбачаеванинг айтишича, ўзининг тиббий амалиётида энергетик ичимликлар ичиш натижасида юрак хасталиги ҳолатларига кўп гувоҳ бўлган. Унинг таъкидлашича, ҳозир қандли диабет билан касалланган болалар ҳам кўп.
Муҳокама якунлари бўйича депутатлар қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилган.