Журналист ва операторни калтаклаган зўравонга 4 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди

Жорий йил 12 август куни Тошкент халқаро аэропортига олиб борувчи йўл ўтказгич қулаган эди. Ҳолатни ўрганиш учун борган «Zoʻr TV» журналисти ва тасвирчиси қаршиликларга учраб, калтаклангани шов-шувларга сабаб бўлди.

Бугун, Жиноят ишлари бўйича Миробод туман судида “Zoʻr TV” ходимларини калтаклаган шахсга ҳукм ўқилди. Судланувчи Нодир Эшниёзов Жиноят кодексининг 277-моддаси 3-қисми “а” ва “г” бандларида кўрсатилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилиб, унга дастлаб 4 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Судланувчига Жиноят кодексининг 72-моддаси қўлланилиб, ҳукмнинг шартлилиги эълон қилинди ва айбдорга 2 йиллик синов муддати белгиланди.

Шунингдек, судланувчидан етказилган зарар учун 23 755 641 сўм маблағ ҳам ундирилди.