Жорий йилнинг 1 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий суди буюк ўзбек адиби Абдулла Қодирий устидан салкам бир аср йил аввал чиқарилган ҳукмни бекор қилди. Айни пайтда ҳамон ижтимоий тармоқларда “нима, шу пайтгача, Қодирий оқланмаганмиди?” деган савол айланмоқда.
Аслида, Абдулла Қодирий икки марта судланган. Адиб илк бор 1926 йилда «Муштум” журналида босилган “Йиғинди гаплар” номли мақоласи туфайли контрреволюцион характерга эга адабиётларни тарқатиш ва тарқатиш мақсадида тайёрлаш, сақлаш, шунингдек ҳукумат раҳбарларини обрўсизлантиришда айбланган ҳамда жавобгарликка тортилган эди.
Мазкур мақолада Абдулла Қодирийнинг мамлакатдаги ҳар бир ижтимоий-сиёсий ўзгаришларга таҳлилий-танқидий нуқтаи назардан ёндашгани, марказдан жорий қилинган ислоҳотларга истеҳзо билан қараганини кўриш мумкин. “Муштум”нинг 1926 йил 25 февраль куни чоп этилган 2 (57)-сонида “Овсар” тахаллуси билан битилган ушбу мақоладан парча келтирамиз:
“Қайси бурчакда ухлаб қолдинг?, деб сўрама, жиян. Бу ўлкада нима кўб экан, ухлайдирған бурчак ва унда ўмпайиб, тўмпайиб ухлағучи менга ўхшаш овсарлар! Мен сенга айтсам, ўзбекнинг ишчиси, деҳқони, маорифи, маданияти, иқтисоди, шалтай-балтайи, хуллас, барчаси ҳам ухлайди”.
Шу кичик парчанинг ўзидаёқ адиб миллат ҳамон ғафлат уйқуси ётгани, юрт мустабид тузум занжирига банди қилинган бир пайтда, ҳукумат раҳбарлари арзимас икир-чикирларга ўралашиб қолганини аччиқ кулги остига олади.
“Аммо ўчоқбошини холи топқан олақарғалар бўлса, хўбам билган номаъқулчилигини қилаяпти!”
Бу ўринда адиб “ўчоқбоши” деганда ҳукуматни, “олақарғалар” деганда Москвадан юборилган русийзабоон раҳбарларни назарда тутган, табиийки бундай иддаони баралла айтиш учун жуда катта журъат керак эди.
Мақолада Ўзбекистоннинг ўша пайтдаги раҳбари, Ўзбекистон ССР Марказий ижроия қўмитаси раиси Йўлдош Охунбобоевнинг газетада чоп этилган бир ҳисоботи ҳам танқид остига олинган. Ушбу ҳисоботда, ҳар 200 километр квадрат майдонга, 4909 нафар аҳоли ёхуд 979 болага битта мактаб тўғри келиши таъкидланган. Абдулла Қодирий ўз мақоласида жайдари фуқаро тилидан бошқарув бошқалар қўлида бўлиб, ўзимизнинг саводли одамларимиз ҳам майда-чуйда, миршаб, мирзабоши бўлиб, арзимас ишлар билан ўралашиб юрганидан кейин, “бир минг болаға битта мактаб бўлса нима-ю, ўн минггига битта тўғри келса, сен билан менга нима ҳасрат?” дея истеҳзо қилади.
Мақолада Ўзбекистон компартияси Марказий кенгаши котиби Акмал Икромов ҳам танқид остига олинади. Ўша кеча кундузда маданият ва маориф ходимлари қурултойида Акмал Икромов “эскича фикридан қайтиб астойдил тавба қилганларни партияга қабул қиламиз” деган мазмунда баёнот билан чиққанди.
Бу ерда ҳам Қодирий аччиқ бир ҳақиқатни мақоласида қистириб ўтганди. Ўша пайтда ҳукумат расмийлари “тавба қилгач, партияга қабул қилиниши керак бўлган” кишилар халқимизнинг азалий орзуси – мустақиллик орзусида юрган собиқ жадидлар, миллат зиёлилари эди. Ҳали уларга нисбатан жазо машинаси ишга туширилмаган, аммо Сталин ҳукумати томонидан бундай “уйғоқ фикрли миллат ойдинларини йўқ қилиш режаси” пишиб етилмоқда эди.
Қодирий ҳам, табиийки, улардан бири эди. Бир пайтлар жадидлар сафида бўлган қанча-қанча ҳамюртларимиз замон зайлига бўйсуниб, ўз қарашларидан воз кечганди. “Қизим сенга айтаман, келиниб сен эшит” қабилида, Қодирий аслида Акмал Икромов баҳонасида ўша “аҳдидан қайтиб, партия сафига ўтишга шай турган” эски сафдошларини нишонга олганди:
“Бас, онглағилким, эй Акмал! Тавбага бўйин буккан банда, бандаларнинг энг ярамасидир, қуллиқ бунёд қилған расво-расволарнинг яна ашаддий расвосидир. Ўз бутунлиғини сақлай олмаған, бошқаға эн бўлаоладир, деган гапни ҳеч бир китобда учратолмадим. Айтмакчиманки, тавбаси бошини есин, сен бўлсанг ишингдан қолма, отингни чуҳ, де! Ҳақиқат олдида бўйин эгиш товбадир, ўзгаси ғовғадир!”
Менича, ортиқча изоҳга ҳожат бўлмаса керак. У ана шу иддао билан ўзи ҳам бу йўлдан асло воз кечмаслигини, фақат ҳақиқат олдидаги бўйин эгишини таъкидлаб ўтганди.
Шу масалалар қатори Қодирий яқин орада ўтказилиши кўзда тутилган “Миллий армиянинг партия конференцияси”га ҳам ўзининг муносабатини билдириб ўтганди. Бу пайтда юрт озодлиги учун бошини тиккан қанчадан қанча мард аскарлар аллақачон озодлик учун шаҳид бўлган, “босмачилар” сифатида таъқиб ва тазйиқ остига олинган, аксарияти қириб ташланган, амалдаги “миллий армия” босқинчи империянинг қўғирчоқ аскарлари эди холос. Тўғри-да, ўз юртининг мустақиллиги, халқининг озодлигига хизмат қилолмайдиган армиянинг нима кераги бор? Шундай экан. Қодирий “қилай деса иши, ётай деса оғриғи йўқ йигитларимизни (…) қўллариға милтиқ топилмағанда ҳам битта-битта кетмандаста бериб, қўруқчиликка қабул қилиш чакки бўлмас, деб хаёл қилурмиз” дея ёзғирганида юз карра ҳақ эди.
Мақола якунида Қодирий миллат бошига яна бир кулфат бўлиб ёғилган, минглаб ота-боболаримизнинг бор-будидан айириб, ватангадо қилган “Ер ислоҳотлари”га нисбатан эътирозини ҳам баён этади. Мамлакатда бундан ташқари ислоҳга муҳтож масалалар кўплиги, масалан, “катталарга ақл ва басират ислоҳоти, муҳаррирларга тил ва маъно, шоирларга илҳом ва услуб (маъно бўлмаса ҳам майли), ёшларға ахлоқ ва кийим, хотинларга жабру зулм, домлаларға дин ва салла” сингари ислоҳотлар ҳақида ҳам ўйлаб кўришни ҳажв тиғи остида эслатиб ўтади.
Хуллас, ана кичкинагина мақолага қарши ҳужум буюк адиб жисмонан маҳв этиш учун илк қадам бўлганди. Абдулла Қодирий ана шу мақоладаги аёвсиз танқидлар сабаб 1926 йили жиноий жавобгарликка тортилади ва Ўзбекистон ССР Жиноят кодексининг 73-моддаси (Контрреволюцион характерга эга адабиётларни тарқатиш ва тарқатиш мақсадида тайёрлаш, сақлаш) ҳамда 116 моддаси (ҳукумат раҳбатларини обрўсизлантириш)ла назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, Олий суд томонидан 2 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Бироқ, орадан кўп ўтмай, Ўзбекистон ССР Марказий Ижроия Қўмитаси Кенгаши Президиумининг 1926 йил 17 июнда Самарқанд шаҳрида ўтказилган йиғилиши қарорига биноан Абдулла Қодирий жазодан озод қилинган. Аммо суд ҳукми бекор қилинмаган.
Судда Абдулла Қодирий ушбу мақолани ёзишдан мақсади Совет ҳукумати ва мафкурасига қарши кураш бўлмагани, ҳукумат расмийларини устидан кулиш ниятида эмаслигини айтиб, Ленин ва Маркс ғояларига содиқлигини таъкидласа-да, у ҳақиқат йўлида, ўз виждони ва эътиқоди йўлида ўлимдан ҳам қўрқмаслигини тан олади:
“Гарчи мен турлик бўҳтон, шахсият ва сохталар билан, ҳам англашилмовчиликлар орқасида, иккинчи оқланмайдурғон бўлиб қораландим. Лоақал уларнинг, қораловчи қора кўзларнинг кўнгли учун бўлса ҳам, менга энг олий бўлғон жазони бера кўрингиз. Кўнглида шамси ғубороти, тескаричилик мақсади бўлмоғон содда, гўл, виждонлик йигитга бу қадар хўрликдан ўлим тансиқроқдир. Бир неча шахсларнинг орзусича, маънавий ўлим билан ўлдирилдим. Энди жисмоний ўлим менга қўрқинч эмасдир. Одил судлардан мен шуни кутаман ва шуни сўрайман”.
Хуллас, Кенгаш Президиуми қарорига асосан Абдулла Қодирий жазодан озод қилинади. Аммо суд ҳукми бекор қилинмаган эди. Орадан йиллар ўтса-да, Қодирий ҳамон Марказ учун “хавфли унсур” бўлиб қолаётганди.
Қодирий ҳаётига назар солинса, у ёшлик давридаёқ “Ўткан кунлар”, “Меҳробдан чаён” романлари, “Обид Кетмон” қиссаси, ўткир мақолалари, ҳажвиялари билан ўзбек адабиётига янги оқим, янги тўлқинни олиб кирган, миллатни уйғотиш, унинг идрокини юксалтириш, Ватан, Халқ манфаати йўлидаги тўсиқларни аёвсиз фош этиш қасдида қалам тутган, умрининг сўнгги соатларига қадар ана шу ақидасида собит қолган.
Мустабид тузумга Қодирийдек миллатсевар, эрксевар, ҳақгуй ва адолатпараст зиёлилар керак эмас эди. Тузумнинг қатағон сиёсати Абдулла Қодирийни ва у сингари минглаб асл фидойи ҳамюртларимизни ўз домига тортиб кетди.Албатта, унинг фожиасида нафақат машъум тузум, балки унинг пойига чоҳ қазиб юрган ўзимизниниг айрим “зиёлилар” ҳам етарлича ҳисса қўшишганди.
Орадан 12 йил ўтиб, Абдулла Қодирий иккинчи марта қамоққа олинади. Бунга баҳона сифатида, Қодирий ўз китобини уйғур ўқувчилари учун араб алифбосида чоп эттирмоқчи бўлгани ва бошқа уйдирмалар кўрсатилади. 1937 йил 31 декабр куни Абдулла Қодирий ўзининг Қубирариқ кўчасидаги 121-уйида қамоққа олиниб, хонадони тинтув қилинади.Табиийки, айбнома иғво ва бўҳтонлар билан обдон шиширилади. Давлат Хавфсизлиги Бошқармасининг терговчиси Триғулов 1926 йилги Қодирийнинг ҳаракатдан тўхтатилган “жиноят иши”дан нусха олади ва «аксилинқилобий фаолияти учун Абдулла Қодирий илгари ҳам судлангани, матбуотда партия ва ҳукумат раҳбарларига қарши бир неча марта чиқиш қилган»ини ҳужжатга тиркайди (ҳолбуки, Қодирий танқид қилган “партия ва ҳукумат раҳбарлари»дан бири – Акмал Икромовнинг ўзи ҳам 1937 йилда “халқ душмани” сифатида қамоққа олинган ва бир йил ўтмай отиб ташланган). Бошқача айтганда, айнан ўша ҳукм Қодирийнинг “айбини” оғирлаштириш учун асос бўлган.
СССР Олий суди Ҳарбий Ҳайъати 1938 йил 5 октябр куни ўзининг ёпиқ сайёр суд мажлисида Абдулла Қодирий ЎзССР Жиноят Кодексинин 58, 64, 67-моддалари бўйича айбдор деб топилиб, “тройка” томонидан ўлимга ҳукм қилинади. Аслида, Абдулла Қодирий ҳукм чиқишидан бир кун аввал… қатл қилинган эди.
Албатта, Сталиннинг ўлимидан сўнг, 1956 йилдаёқ Қодирий иши қайта кўриб чиқилган ва унинг номи оқланган. Аммо, қарангки, адиб устидан 1926 йилда чиқарилган ҳукм ҳамон ўз кучида турган экан.
Жорий йилнинг 1 декабрь куни эса, Абдулла Қодирийнинг набираси Хондамир Ҳабибулла ўғли Қодирийнинг апелляция тартибида берган шикоят аризаси асосида ана шу иш қайта кўриб чиқилди. Олий суд судлов ҳайъати томонидан мазкур ишдаги ҳар бир ҳолат атрофлича ўрганилиб, Абдулла Қодирий устидан чиқарилган дастлабки ҳукм бекор қилинди ва у Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 73-моддасига асосан тўла-тўкис оқланди.