«Заправка»ларнинг иш вақти чеклангани юзасидан расмий баёнот берилди

Сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқлар ва интернет сайтларида республикадаги метан заправкаларида иш вақти соат тонгги 6:00 дан соат 15:00 га қадар чекланганлиги тўғрисида хабарлар тарқалмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ҳамда “Ҳудудгазтаъминот” АЖ мазкур хабарлар юзасидан расмий баёнот берди. Унга кўра, мамлакатда ҳаво ҳароратининг совиб бориши туфайли аҳоли орасида табиий газга талаб бирмунча ошди. Бу эса, ўз навбатида, аҳоли истеъмолининг кўпайишига, пировардида, газ босимининг сезиларли пасайишига олиб келган.

Қолаверса, 7 – 16-декабрь кунлари оралиғида кутилаётган (8 декабрда 0 даража, 12-декабрда -16 даража) совуқ об-ҳаво шароитида ҳам газ босимининг пасайиши кутиляпти. Шундан келиб чиқиб, аҳолини табиий газ билан узлуксиз таъминлаш мақсадида метан заправкалари ишлаш вақтини чеклаш чоралари кўрилмоқда. Режага мувофиқ, метан заправкалари соат 6:00 дан соат 15:00 га қадар ишлайди.