26 йил ичида сурункали ўпка касаллигидан азият чекувчилар сони 23 фоизга ошиши мумкин

Ўпканинг сурункали обструктив касаллиги дунёда юз берадиган ўлим ҳолатлари сабаблари орасида етакчи ўринлардан бирини эгаллайди. Ҳозир сайёрамиз аҳолисининг 480 миллион нафари шу дарддан азият чекмоқда.

Энг ёмони, яқин келажакда кўрсаткичлар янада ёмонлашиши мумкин. Хусусан, халқаро тадқиқотчилар гуруҳи томонидан олиб борилган ўрганишлар натижасига кўра, 2050 йилга бориб, ўпканинг сурункали обструктив касаллигига чалиниш ҳолатлари 23 фоизга ошиши прогноз қилиняпти.

Яъни олимлар келгуси 26 йил ичида 25 ёшдан ошган 592 миллион киши худди шу хасталикдан азият чекишини янги статистик модель асосида ҳисоблаб чиқди.

Мазкур патология кўпроқ Жанубий Африка, Шарқий Осиё ва Тинч океани минтақасида жойлашган мамлакатлар аҳолиси, айниқса, аёллар саломатлигига хавф солиши тахмин қилиняпти.

Тадқиқотчиларнинг эслатишича, сурункали обструктив ўпка касаллигини келтириб чиқарувчи энг катта омил — чекиш! Бу хасталик кашандаларнинг одатий патологияси.

Айниқса, янги асрда кенг оммалашаётган электрон сигареталар касалликка қарши курашишга масъул оқ қон ҳужайралари фаолиятини издан чиқариши аниқланган.

Қолаверса, атмосферанинг ифлосланиши, турли инфекциялар, гинетик ва бошқа омиллар ҳам нафас йўллари шиллиқ қаватининг ғайритабиий яллиғланишига таъсир кўрсатади.