Янги диагностика усули топилди

Зарарли одатлар, нотўғри овқатланиш, камҳаракатлик, руҳий зўриқиш, ёмон экологик муҳит… Булар — турли касалликларни келтириб чиқарувчи ва умрни қисқартирувчи омиллар.

Шу боис танамиздаги баъзи органлар ўзимизга нисбатан тезроқ қарийди. Бу жараён ҳар бир ички аъзода турлича кечиши мумкин. Оқибатда маълум ёшга етгач, юрак, жигар, буйрак, ўпка, мия сингари ҳаётий муҳим органлар бора-бора ўз функциясини бажаролмай қолади.

АҚШнинг Стэндфорд университети олимлари инсон ички аъзоларининг қариш тезлигини аниқлаш усулини топди. Бунинг учун 20 ёшдан 90 ёшгача бўлган 1400 нафар кўнгилли тадқиқот жараёнига жалб қилинди.

Олимлар клиник синовлар чоғида ҳар бир иштирокчидан қон таҳлили намуналарини олиб, барча органларнинг биологик ёшини кўрсатадиган 850 дан ортиқ оқсилни аниқлади.

Якунида 50 ва ундан катта ёшдаги одамларнинг 18,4 фоизида камида битта орган одатдагидан сезиларли даражада тезроқ қариши маълум бўлди. Бу, келгуси 15 йил ичида ушбу ички аъзода жиддий касалликлар ривожланиш хавфи ортади, деганидир.

60 ёшдан катта аксарият иштирокчиларда эса бир вақтнинг ўзида икки орган тезроқ қариётгани кузатилди. Бу уларда ўлим хавфи олти ярим баравар юқорилигини англатади.

Тадқиқотчилар, агар мия тез қариса, 5 йилдан кейин хотира 1,8 марта ёмонлашади, юракнинг кексайиш жараёни жадаллашса, юрак етишмовчилиги эҳтимоли 2,5 баравар ошади, деган хулосага келишди.

Мутахассислар фикрича, бу янги диагностика усули ичкиқ аъзоларда юзага келадиган қатор жиддий касалликларнинг олдини олиш имконини бериши мумкин.