БМТ Бош Ассамблеяси Ўзбекистон президент Ш.Мирзиёев томонидан таклиф этилган “Марказий Осиё экологик муаммолар қаршисида: барқарор ривожланиш ва фаровонлик йўлида минтақавий бирдамликни мустаҳкамлаш” резолюциясини маъқуллади.
Ҳужжатда Марказий Осиёдаги экологик муаммоларни ҳал этиш, ижтимоий-иқтисодий ривожланишга кўмаклашиш ва иқлим ўзгаришига мослашиш чораларини кўриш бўйича минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш муҳимлиги алоҳида қайд этилган.
Чўлланиш, қурғоқчилик ва қум-чанг бўронларига қарши курашда янги ва инновацион технологиялар ва илғор тажрибаларнинг муҳим ўрни ҳам алоҳида таъкидланган. Шунингдек, тоғ экотизимларини ҳимоя қилиш ва музликларни сақлаш бўйича саъй-ҳаракатларни фаоллаштиришга чақириқлар бор.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев сентябрь ойида БМТ Бош Ассамблеясида сўзлаган нутқида сўнгги ўттиз йилда минтақада ҳаво ҳарорати бир ярим даражага кўтарилганини таъкидлади. “Бу ўртача глобал исишдан икки баравар юқори. Оқибатда музликлар умумий майдонининг қарийб учдан бир қисми йўқотилди. Агар бу тенденция давом эца, яқин йигирма йилда минтақадаги иккита йирик дарё – Амударё ва Сирдарёнинг оқими 15 фоизга камайиши мумкин”.
Резолюция лойиҳасига БМТга аъзо 35 давлат томонидан дунёнинг барча минтақаларидан ҳаммуаллифлик қилинган.