Қувайтнинг янги амири қасамёд қабул қилди

Бугун Машаал ал-Жобир ал-Аҳмад ал-Сабоҳ Қувайт Миллий Ассамблеяси олдида қасамёд қилди. Бу ҳақда Қувайт телевидениеси хабар бермоқда. 

Миллий телевидение орқали жонли эфирда қасамёд қилар экан Сабоҳ, “Халқимиз эркинликлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш, давлатимиз ерларида тинчлик учун хизмат қилишга қасамёд қиламан” деди. 

Қувайтнинг янги амири 2020 йил октябрь ойида валиаҳд шаҳзода бўлди. У мамлакатни 1921-1950 йилларда бошқарган, Қувайт амири Аҳмад Ал-Жобир Ал Муборак Ал Сабоҳнинг еттинчи ўғли ҳисобланади.

Сабоҳ Британия таълим муассасаларидан бирининг полиция бўлимини битирган ва Қувайт Ички ишлар вазирлигида 20 йилга яқин турли лавозимларда ишлаган.

Шунингдек, у 2004 йилда Миллий гвардия бошлиғининг ўринбосари этиб тайинланган ва узоқ вақт давомида ушбу тизимни такомиллаштириш устида ишлаган.