2024 йил 1 январдан бошлаб давлат органлари ва ташкилотлари томонидан ёшларга оид давлат сиёсати соҳасида ўтказиладиган ёшлар фестиваллари, форумлар, лойиҳалар, танловлар ва бошқа маданий-маърифий тадбирларни ёшларга оид тадбирларнинг йиллик календар режаси асосида амалга ошириш режалаштирилмоқда.
Ҳужжат билан қуйидагиларни назарда тутувчи Ёшларга оид тадбирларнинг йиллик календар режасини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди:
- ёшлар фестиваллари, форумлар, лойиҳалар, танловлар ва бошқа маданий-маърифий тадбирларни ташкил этиш ва ўтказиш ҳамда уларда қатнашиш тартиби;
- ёшларга оид тадбирларнинг йиллик календар режасини шакллантириш ва тасдиқлаш тартиби;
- календар режада назарда тутилган тадбирларни молиялаштириш.
Календар режа ҳар йили декабрь ойи якунига қадар давлат органлари ва ташкилотларининг таклифлари асосида Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги ҳузуридаги Ёшлар ишлари агентлиги томонидан ишлаб чиқилади. Календар режа доирасида ўтказиладиган тадбирлар, шунингдек иштирокчиларни рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги ахборот электрон шаклда yoshlarportali.uz порталида жойлаштирилади.