Миллий сериаллар ишлаб чиқариш учун эркин иқтисодий зона ташкил этилиб, 50 гектар ер майдони ажратилади

Президент миллий сериалларимизни ғоявий-бадиий ва техник жиҳатдан жозибали, ҳамма қизиқиб кўрадиган даражага етказиш зарурлигини таъкидлади.

Шу мақсадда “Миллий сериаллар ишлаб чиқариш концепцияси” ишлаб чиқилади. Унда, авваламбор, маҳаллий ижодкорларига, хусусан, ижрочи санъаткорлар, драматург ва режиссёрлар учун замонавий шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилади.

Бунинг учун эркин иқтисодий зона – “Cinema Park” ташкил қилиш лозимлиги кўрсатиб ўтилган.

Вазирлар Маҳкамасига “Cinema Park” учун давлат-хусусий шериклик асосида Тошкент вилояти ҳудудидан 50 гектар ер майдони ажратиш бўйича таклиф киритиш топширилди.

Шунингдек, Бухоро, Самарқанд, Тошкент вилоятлари ҳокимларига ўз вилоятларида “эркин иқтисодий киноҳудудлар” барпо этиш бўйича лойиҳаларни бошлаш топширилган.

Шунингдек, буюк аждодларимизнинг ибратли ҳаёт йўли ҳақида кўп қисмли анимацион фильмлар яратилади.