“Ўзбекгидроэнерго” АЖ Республикада халқаро ESG рейтингини қўлга киритган биринчи ташкилот бўлди

Сўнгги олти йил ичида мамлакатимизда ГЭСларнинг умумий сони 2017 йилдаги 35 тадан 58 тага ҳамда ўрнатилган қуввати эса 1 856 МВтдан ҳозирги 2 233 МВт га етказилиб, қўшимча равишда қарийб 400 МВт қувватлар яратилди. Бу ҳақда АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди.

Эътиборли томони, бу кўрсаткич сўнгги йилларда нафақат Ўзбекистонда, балки МДҲ давлатларида ҳам катта кўрсаткичлардан бири ҳисобланади.

Ҳозирги кунда Инвестиция дастурига мувофиқ жами қуввати 749 МВтга тенг бўлган 13 та инвестиция лойиҳаси доирасида қурилиш-монтаж ишлари амалга оширилмоқда.

Айтиш жоизки, жорий 2023 йилда амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар натижаси ўлароқ, Тошкент, Андижон, Самарқанд ва Сурхондарё вилоятида умумий қуввати 190 МВтга тенг 8 та ГЭС, шу жумладан, 3 та йирик ГЭС ва 5 та микроГЭС мамлакатимиз саноати равнақи ва халқ фаровонлиги йўлида ишга туширилди. Хусусан, Тошкент вилоятида Испайсой микроГЭС, Андижонда Завроқ, Хонобод микроГЭСлари, Самарқандда Шаудар ва ПК 102+00 ГЭС, Сурхондарёда Тўполанг ГЭС ва Исфара-1 микроГЭС лойиҳалари, шулар жумласига киради.

Куни кеча Сурхондарё вилояти Қизириқ туманида “Исфара микро ГЭС-1”нинг очилиш маросими бўлиб ўтди. Ушбу ГЭС биз учун алохида аҳамият касб этиб, гидроэнергетикадаги дастлабки “миллий” ГЭСга айланди. Сабаби, Ўзбекистонда илк бор мазкур ГЭС доирасидаги барча ишлар, шу жумладан, лойиҳа ишлари, асбоб-ускуналари — маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан тўлиқ ўзимизда тайёрланди. Хусусан, Жамият тизим ташкилоти ҳисобланган — “Сувсаноатмаш” АЖда негизида ушбу ГЭС учун зарур бўлган барча жиҳозлар ишлаб чиқарилди.

Минтақамизда сўнгги йилларда сув кам бўлган мавсумлар тез-тез такрорланмоқда. Шундай бўлса-да, “Ўзбекгидроэнерго” АЖ томонидан амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари натижасида яратилган қўшимча қувватлар эвазига гидроэнергетика салоҳиятини, нафақат бир маромда сақлаш, балки йилдан-йилга мавжуд қувватларни ошириб борилишига ҳам эришилмоқда.

Жорий 2023 йилда республика электр энергия балансига Жамият тасарруфидаги энергия ҳосил қилувчи корхоналар томонидан 7,0 млрд.кВт.соатга яқин электр энергияси миллий электр тармоқларига етказиб берилиши мўлжалланган. Бу ўтган йилги кўрсаткичга нисбатан 8 фоизга кўпроқ деганидир.

“Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамияти тўрт йилдан буён жаҳонда етакчи топ “учлик” рейтинг агентликларидан бири ҳисобланган “Фитч Рейтингс” халқаро рейтинг агентлигининг “ББ-” халқаро кредит рейтингини барқарор даражада сақлаб келмоқда.

Бундан ташқари, Жамият томонидан Экологик, ижтимоий ва корпоратив бошқарув йўналишида амалга оширилган ишлар натижасида куни кеча Буюк Британиянинг Sustainable Fitch рейтинг агентлиги томонидан ESG халқаро рейтинги берилди.

Айтиш мумкинки, “Ўзбекгидроэнерго” АЖ Республикамизда халқаро ESG рейтингини қўлга киритган биринчи ташкилот бўлди.

Давлат харидлар тизимидаги ошкораликни ошириш мақсадида 2022 ва 2023 йиллари учун харид жараёнларини аудитдан ўтказиб, коррупцияга қарши курашиш тизимлари самарадорлигини ошириш (“форензик”) бўйича дунёда аудиторлик хизматлари кўрсатувчи “Катта тўртлик”ка кирган Компания томонидан ижобий аудит хулосаси олинишига эришилди.

Жамиятнинг яна бир улкан ютуғи, бу Жамият тасарруфидаги ГЭСларда мамлакатимизда илк бор “Яшил энергия” сертификати жорий этилганидир. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 12 майдаги “Яшил энергия” сертификатлари тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-156-сон қарорига мувофиқ энергия ҳосил қилувчи корхоналарда ишлаб чиқарилган электр энергияси учун биринчи марта Голландиянинг I-REC “Яшил энергия” сертификати тизими татбиқ этилди. Ҳозирда сертификатларни биржа савдолари орқали сотиш буйича амалий чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, “яшил энергия” сертификатларини сотиш мамлакатга экологик масъулият ва қайта тикланадиган энергиядан фойдаланишга содиқлигини намойиш этиш имконини беради ҳамда табиий равишда Ўзбекистоннинг халқаро даражадаги экологик рейтингини ошириши ҳақида маълум қилинди.