Қирғизистоннинг Бишкек шаҳрида тиш шифокорининг қабулига борган 3 ёшли қизча вафот этди. Бу ҳақда “AKIpress” маҳаллий нашри хабар берди.
Билдирилишича, қизча стоматология клиникасига тишларини тозалатиш учун борган. Шифокор эса унга умумий наркоз қилган. Шундан сўнг қизча қайтиб уйғонмаган.
Воқеадан сўнг, 18 декабрь куни қизнинг бувиси полицияга мурожаат қилган. Унинг сўзларига кўра, И.Қ.Охунбоев номидаги стоматология клиникаси тиббиёт ходимлари ўз касбий бурчларини масъулият билан бажармаганликлари сабабли унинг набираси вафот этган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Қирғизистон Республикаси Жиноят кодексининг 146-моддаси (Тиббиёт ёки фармацевтика ходимининг касбий мажбуриятларини лозим даражада бажармаганлиги) билан жиноят иши қўзғатилган.
Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг хабар беришича, стоматология клиникасида содир бўлган ушбу воқеа муносабати билан вазир маслаҳатчиси бошчилигида комиссия тузилган. Шунингдек, поликлиника фаолияти ушбу ишнинг ҳолатлари аниқлангунига қадар тўхтатилган. Мазкур вазиятни Қирғизистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг шахсан ўзи ўрганмоқда.