Тошкент вилоятида 13 ёшли қизни зўрлаган ИИБ ходими 15 йилга озодликдан маҳрум этилди

Шу йилнинг 25 декабр куни жиноят ишлари бўйича Бўстонлиқ туман судида вояга етмаган қизни зўрлаганликда айбланган М.Ж.га оид жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни якунланиб, ҳукм эълон қилинди. 1992 йилда Тошкент шаҳрида туғилган М.Ж. Миробод тумани ИИО ФМБ 3-сон ИИБ ҲПБ профилактика инспектори бўлиб ишлаган.

Олий суд матбуот хизмати хабар беришича, ушбу жиноят иши жиноят ишлари бўйича Бўстонлиқ туман судининг судьяси Ж. Хожаев раислигида Жиноят-процессуал кодексининг 19-моддаси (судда жиноят ишларининг ошкора кўрилиши) талабларига мувофиқ ёпиқ суд мажлисида кўриб чиқилган.

Эълон қилинган суд ҳукмига мувофиқ М. Ж. вояга етмаган З. Д. га (2010 йилда туғилган) нисбатан Жиноят кодексининг 118-моддаси (номусга тегиш) 4-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, унга 15 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Биринчи инстанция судининг ҳукми устидан тарафлар қонунда белгиланган тартиб ва муддатда Тошкент вилоят судининг апелляция инстанциясига шикоят бериш ва протест келтиришга ҳақли ҳисобланади.

Бундан ташқари, суд томонидан Жиноят-процессуал кодексининг 417-моддаси (жиноий жавобгарликка тортилмаган шахс томонидан жиноят содир этилганлигини кўрсатувчи ҳолатлар аниқланганда суднинг ҳаракатлари) тартибида М.Ж.га ўн тўрт ёшга тўлмаган шахснинг номусига тегиш учун шарт–шароит яратиб берган Ш.А., М.З. ва Ф.М.га нисбатан Жиноят кодексининг 131-моддаси (қўшмачилик қилиш ёки фоҳишахона сақлаш) 4-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатиш масаласини хал қилиш учун Бўстонлиқ тумани прокурорига хабар юборилган.