Ижтимоий тармоқларда Шайх Абдулазиз Мансурнинг қўшиқ эшитиш ҳақидаги маърузаси кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Ушбу ҳолатга ўзи расмий муносабат билдириб чиқди.
«Мен 20 декабрь куни Ю.Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институтида Фаттоҳхон Мамадалиев таваллудининг 100 йиллиги муносабати билан ўтказилган тадбирда 20 дақиқалик чиқиш қилдим. Сўзимда Ислом динимиз таълимотида мусиқа ва ашула айтиш хусусида қандай ҳукмлар борлиги тўғрисида қисқача тўхталиб ўтдим.
Афсуски эртаси куни интернет орқали менинг маърузамни қисқартириб, бир ярим дақиқа ичида узиқ-юлиқ қилиб эфирга узатилди. Уни эшитганлар менга эътироз билдира бошлади. Гўё унда истисносиз ҳар қандай ашулаларни тинглаш мумкин деган мазмун чиқади.
Ваҳолангки, мен буюк уламоларимизнинг ёзиб кетган китобларидаги маълумотлардан мисол келтириб, ҳар қандай ахлоқни бузадиган енгил ашулаларни эмас, улуғ ва буюк шоирларимиз шеърларига басталаб ижро этилган қўшиқларни эшитиш жоизлиги тўғрисида гапирдим. Яна билиб қўйиш керакки, мусиқа ва қўшиқларни ижро этиш ва тинглаш жоиз ёки жоиз эмаслиги тўғрисида буюк Ислом уламолари бир хил фикрда бўлишмаган.
Мен жуда кўп манбаъларни кўриб чиқдим, уларнинг кўпчилиги жоиз, эшитиш мубоҳ деб фатво беришган. Шариатимиз бўйича шундай бўлиши мусулмонлар учун фойдалидир. Ҳадиси шарифда: Умматнинг ихтилофи яъни бир масалада турли фикрда ихтилофда бўлишлари — Аллоҳнинг раҳматидир дейилган
Ожиз банда — Абдулазиз Мансур, дея ёзган у.