Фёдор Достоевский ҳақида 11 та факт

1. Фёдор Достоевский ҳаёти давомида бошқа ёзувчилар билан кўпинча салбий муносабатда бўлган. Бу унинг табиати билан боғлиқ эди. Масалан у “Камбағаллар” асари билан адабиётга кириб келганида Некрасов уни “янги Гоголь” дея кўкларга кўтарган. Белинский эса уни ўз тўгарагига таклиф этган. Лекин уларнинг муносабатлари ўзгариб, бир-бирига эпиграммалар ёзиш, масхара қилиш даражасига борган.Адиб Тургенев билан ҳам кўп бор келишмовчиликларга борган.Лев Толстой билан эса ҳаётда бир бора ҳам учрашишмаган.

2. Достоевскийда ҳам Гоголь каби қўлёзмаларини ёқиб юбориш одати бўлган. У “Телба”, “Жиноят ва жазо” ҳамда “Иблислар”нинг қўлёзмаларини кўп бора оловга отиб, қайтадан ёзган экан.

3. Ёзувчи ашаддий ўйинчи бўлган. Унинг “Қиморбоз”лигини барчамиз биламиз. Бироқ ёшлигида у бильярдга ҳам муккасидан кетиб, кўплаб пулларини бой берган. У умри давомида қарзга ботиб, аёлининг тақинчоқларини ҳам гаровга қўйишга мажбур бўлган.

4. Адиб адабиётга кириб келганида дастлаб кичик пьесалар ёзган ва бадиий таржима билан шуғулланган. Бальзакнинг “Евгения Гранде” романини таржима қилиши унга кўп нарса берган. Эътибор берсангиз, Достоевскийнинг романларида Бальзакнинг таъсири кўп сезилади.

5. Достоевский чой ичишни жудаям яхши кўрган. Буни унинг асарларидан ҳам сезиш мумкин. Кўпгина романларида чойхўрлик лавҳалари ёрқин бўёқларда тасвирланган. Адабиётшуносларнинг маълумотларида ҳам ёзувчи чой устида суҳбат қуришни ёқтирганини таъкидлашган.

6. Ёзувчи тунда ижод қилган. Тонг отгунча қоғоз қоралаб, қуёш чиққанида ухлашга ётган. Кейинчалик эса стенографист рафиқасига айтиб туриб асарларини ёздиришни одат қилган. Уларнинг танишувига ҳам “Жиноят ва жазо”, “Қиморбоз” романларининг тезкорлик билан қоғозга туширилиши сабабчи бўлган.

7. Адибнинг Варвара исмли синглиси ҳам “Жиноят ва жазо”даги кампир каби судхўрлик қилган. Буни қарангки, синг­лиси ҳам асардаги каби пул туфайли ўлдириб кетилган…

8. Рафиқаси Анна Сниткина ундан 25 ёш кичик бўлган. Адиб вафот этганида у 35 ёшда эди ва вафотига қадар унга содиқ қолиб, бутун умрини эрининг ижодига бағишлади. Аннанинг отаси ҳам Достоевский ижоди мухлиси бўлган. Ундаги мафтунлик отасининг таъсирида пайдо бўлган.

9. Фёдор Михайловичнинг романлари адабиётчилар наздида шафқатсиз асарлар ҳисобланади. Масалан, “Жиноят ва жазо”да 21 та ўлим , “Телба”да 31 ўлим, “Иблислар”да 15 та ўлим, “Ўсмир”да 34 та ўлим, “Ака-ука Карамазовлар”да эса 43 та ўлим тасвирланган экан.

10. У ўз кундаликларида рус халқини Ўрта Осиёни босиб олишга ундовчи мақолалар ёзган. Маълумки ўша пайтда Чор Россияси Ўрта Осиё хонликларини истило қилишга киришган эди. “Биз Европага кириб борсак, бизни варварлардек кутиб олишади, Ўрта Осиёга кириб борсак эса, бизни халоскорлардек кутиб олишади”, дея ёзган.

11. Достоевскийнинг авлодлари ҳозир Санкт-Петербург шаҳрида истиқомат қилишади. Унинг авлодлари орасида ёшгина Фёдор Достоевский ҳам бор.

Темур ТАНГРИБЕРГАНОВ тайёрлади