ЖССТ бош директори йил якунлари бўйича баёнот берди
–Якунланаётган йилимиз глобал соғлиқни сақлаш соҳасида муҳим ютуқлар билан бирга, жиддий муваффақиятсизликлар билан ажралиб турди, -деди Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бош директори Тедрос Адҳаном Гебреесус ўзининг видеомурожаатида.
“Май ойида COVID-19 эпидемиясининг тугашини халқаро аҳамиятга молик фавқулодда ҳолат деб эълон қилдим”, деб эслайди Тедрос Адҳаном Гебреесус. –Бу бутун дунё бўйлаб одамлар учун уч йиллик инқироз, оғриқ ва йўқотишлардан кейин бурилиш нуқтаси бўлди. Энди ҳаёт ўз ўрнига қайтганини кўриб хурсандман.
Йилнинг бошқа ютуқлари сифатида масалан, маймунчечак эпидемиясини тугатиш ва данг, менингит ва безгакка қарши янги вакциналар пайдо бўлганини келтириш мумкин.
Қолаверса, Озарбайжон, Тожикистон ва Белиз безгакдан ҳоли ҳудуд мақомига эришди. Бир қатор тропик касалликларни, жумладан, Ганада уйқу касаллиги, Бенин, Мали ва Ироқда трахома, Бангладеш ва Лаосда лимфа филариазини бартараф этишда муваффақиятга эришилди.
Полиомиелитни вакциналар орқали йўқ қилиш йўли ниҳоясига етмоқда. Ўттизта давлат инсон папилломавирусига қарши вакцинани қабул қилди ва бу бачадон бўйни саратонига барҳам бериш бўйича мақсадни илгари суради.
2023 йилда дунё ҳамжамиятининг эътибори иқлим инқирозининг саломатлик оқибатларига қаратилди. Ушбу мавзу Дубайда бўлиб ўтган КС-28 анжуманида соғлиқни сақлаш масалалари кун тартибида муҳим ўрин тутди. У ерда атроф-муҳит ва соғлиқни сақлаш масалаларининг ўзаро боғлиқлиги таъкидланиб, иқлим ва саломатлик бўйича глобал декларация қабул қилинди. Сентябрь ойида БМТ Бош ассамблеясида давлат раҳбарлари умумий тиббий қамровга эришиш, сил касаллигини йўқ қилиш ва дунёни келажакдаги пандемиялардан ҳимоя қилиш мажбуриятини олди.
“Ушбу ютуқларнинг ҳар бири саломатликни сақлаш ва мустаҳкамлашда илм-фан, ирода ва ҳамжиҳатлик кучини намоён этди”, — дея таъкидлаган ЖССТ раҳбари.
Видеомурожаатда 2023 йилда содир бўлган фожиали воқеалар ҳам эсга олинган.
Маълумотларга кўра, Ғазо секторидаги 36 та тиббий муассасадан фақат тўққизтаси ишлаган. Шунингдек, 2023 йилги глобал ландшафт Судан, Украина, Эфиопия ва Мяньма каби мамлакатлардаги можаролар билан ҳам ажралиб турди.
“Тинчликсиз соғлик, соғлиқсиз тинчлик бўлмайди”, деган ЖССТ раҳбари.
Мурожаатномада 2024 йилда глобал пандемияга тайёргарлик бўйича бўшлиқларни ёпиш зарурлиги таъкидланган. Ҳозирда ҳукуматлар келажакдаги пандемияларга қарши курашишда ҳамкорликни кучайтиришга қаратилган биринчи глобал келишув бўйича музокаралар олиб бормоқда.
ЖССТ Бош директори тиббиёт ходимлари ва ҳамкорларга миннатдорчилик билдириб, барча қийинчиликларга қарамай, дунё барча учун саломатлик, барқарор ривожланиш мақсадига эришиш йўлида собит бораётганини алоҳида таъкидлаган.