Соғлом овқатланиш умрни ўн йилга узайтиради – тадқиқот

Халқаро олимлар гуруҳи соғлом овқатланишга ўтиш ўрта ёшли одамнинг умрини 10 йилга узайтиришини аниқлашди.

Тадқиқотчилар 40 дан 69 ёшгача бўлган 467 354 иштирокчи маълумотларини таҳлил қилишди, улар ирсий ва атроф-муҳит омилларининг одамларда касалликнинг ривожланишига таъсирини ўрганишди.

Носоғлом овқатланишдан соғлом овқатланишга ўтган одамларни аввалги турмуш тарзини сақлаб қолган иштирокчилар билан таққослаб, экспертлар биринчи ҳолатда умр кўриш давомийлиги ўртача бир неча йилга кўпайганини аниқлашди. Хусусан, носоғлом овқатланишдан соғлом овқатланишга ўтган ва унга амал қилган ўрта ёшлилар умри ўртача ўн йилга узайди.

Натижалар шуни кўрсатадики, узоқ умр кўриш билан боғлиқ бўлган парҳез бутун дон, мевалар, балиқ ва оқ гўштни ўртача истеъмол қилишни ўз ичига олади. Сут ва сут маҳсулотлари, сабзавотлар, ёнғоқлар ва дуккакли экинларни кўп истеъмол қилиш, тухум, қизил гўшт ва ширин ичимликларни нисбатан кам истеъмол қилиш умрни узайтириши аниқланди.