Пойтахт ҳокимлиги шаҳардаги озиқ-овқат, деҳқон ва буюм бозорларида қурилиш ва реконструкция ишлари бошланаётганини маълум қилди.
Қайд этилишича, ушбу ишларнинг биринчи босқичида, пойтахтимизнинг барча бозорларига маҳсулотларни асосий етказиб берувчиси бўлган Тошкент қишлоқ хўжалик маҳсулотлари улгуржи бозорида реконструкция ишлари бошланади.
«Бозорга олиб келинаётган маҳсулотлар бозор ҳудудига сиғмай, атрофидаги ҳудудларда, шу жумладан Чирчиқ канали бўйида тартибсиз савдо амалга оширилаётганлиги ҳамда бозор худудига кунига 600 дан ортиқ юк машиналари кириб-чиқиши автомобиль йўлларнинг тирбандлигига асосий сабаб бўлмоқда ва аҳолига жиддий ноқулайликлар яратмоқда», дейилади хабарда.
Реконструкция даврида тадбиркорлар ўз фаолиятини «Фуд Сити», «Тошкент индекс» ва бошқа савдо мажмуаларида давом эттириши таклиф қилинган.
«Бунда, тадбиркорлар мулкларини кўчириш билан боғлиқ бўлган ҳаражатлар (транспорт, юклаш, тушириш ва бошқалар) бепул амалга оширилади ҳамда савдо мажмуаларидаги дўконлар учун ижара тўловларидан 3 ой муддатга озод қилинади.
Шунингдек, аҳолига қулай шароит яратиш мақсадида «Қўйлиқ» массивидан бозор ҳудудигача йўл кира хаққи олинмайдиган 10 та автобус йўналишга қўйилиб, жамоат транспорти учун шоҳ бекат ташкил қилинди ва шаҳарнинг барча йўналишларга чиқиш имкони яратилди», қўшимча қилинади хабарда.
Бозорда фаолият юритаётган 144 нафар ишчи-ходимлар «Фуд Сити» ва «Тошкент индекс» савдо мажмуаларида иш билан таъминланади.