Тошкентдаги хонадонларда иссиқ сувдан келган қора зарралар юзасидан тушунтириш берилди

Шу йилнинг 3-4 январ кунлари «Veolia Energy Tashkent» МЧЖ ХК ҳудудий бошқармаларига, шунингдек, ижтимоий тармоқлар орқали «Тошкент иссиқлик маркази» МЧЖга қарашли 1-ИМ қозонхонаси ҳудудида жойлашган истеъмолчилардан иссиқ сувда лойқалик билан қора зарралар мавжудлиги юзасидан шикоятлар келиб туша бошлади. Компания ушбу шикоятлар юзасидан тушунтириш берди.

Унга кўра, 2 январдан 3 январга ўтар кечаси 1-ИМ қозонхонасида сувни тозалаш филтридан сулфатланган кўмир ажралиб чиққан. «VET» МЧЖ ХК иситиш тармоқларига қозонхонадан сулфатланган кўмир тушиши натижасида пойтахтнинг Мирзо Улуғбек ва Яшнобод туманларидаги истеъмолчиларнинг иссиқ сувларида қора фракциялар (сулфокўмир) пайдо бўлган.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

«Иссиқ сув параметрлари, ранг ва лойқаликдан ташқари, нормал ҳолатда. Сулфокўмир сувни филтрлашда ишлатилади ва истеъмолчилар учун хавф туғдирмайди», — дейилган хабарда.

Таъкидланишича, 1-ИМ қозонхонаси ходимлари томонидан иссиқлик тармоқларида сулфатланган кўмир оқими бартараф этилган. Айни вақтда масъул техник ходимлар томонидан назоратга олинган. Шунингдек, ходимларнинг ҳар қандай профилактик хизмат кўрсатишга тайёрлиги айтилган.

Шу билан бирга, истеъмолчилардан иссиқ сув ҳисоблагичларидаги пломбаларни ўзлари очмасдан, «VET» МЧЖ ХК ҳудудий бошқармаларига (Мирзо Улуғбек ва Яшнобод туманлари) мурожаат қилишлари сўралган.