«Права»ни сотиш алоҳида жиноят тури деб белгиланади

Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси бир нечта кодексларга йўл ҳаракати хавфсизлиги бўйича ўзгартишлар киритиш ҳақидаги қонунни кўриб чиқмоқда.

Қонун билан, қуйидаги ҳуқуқбузарликлар Жиноят кодексига киритилиши мумкин:

  • транспорт воситасини такроран маст ҳолда бошқариш (санкцияси – 3 йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб, 2 йилдан 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 2 йилдан 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш);
  • автомототранспорт воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, шунингдек имтиҳон ўтказиш ва ҳайдовчилик гувоҳномасини бериш тартибини бузиш;
  • транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилган шахснинг транспорт воситасини бошқариши;
  • сиқилган табиий газда, суюлтирилган нефть газида ёки дизель ва газсимон ёқилғи аралашмасида ишлайдиган транспорт воситаларидан фойдаланишда хавфсизлик қоидаларини бузиш.

Шунингдек, транспортда безорилик, яъни айрим ҳайдовчилар томонидан бошқариш маданиятига риоя қилмай, транспорт воситасини кескин бошқариш ва бошқа ҳаракатларда ифодаланган «агрессив бошқариш», «дрифт», «шахмат» шаклида ҳаракатланиш, йўлларда тўсиқларни пайдо қилиш каби қоидабузарликлар учун маъмурий жавобгарлик назарда тутилмоқда.