Рейтинг жорий қилиниши тадбиркорлар фаолияти учун ўзига хос рағбат бўлади. Бунинг аҳамияти ҳақида президентнинг тадбиркорлар билан очиқ мулоқотида айтилган эди. Шундан сўнг мазкур рейтингнинг мезонлари ва тартиб-тамойиллари ишлаб чиқилди.
Унга кўра, тадбиркорлар фаолият даври, рентабеллик даражаси, тўлов интизоми, аҳоли бандлигидаги ўрни ва иш ҳақи каби 23 та мезон асосида 4 та тоифага ажратилади. Бу солиқ, адлия ва суд органлари маълумотлари асосида шаклланади. Ҳар бир тадбиркор ўз ўрни ва баҳосини реал вақтда билиб бориши мумкин бўлади.
❗️ Рейтинги юқори тадбиркорлар учун барча солиқ текширувлари бекор бўлади, ҚҚС суммаси бир кунда ва бошқа солиқ турлари бўйича ортиқча тўлов уч кунда қайтариб берилади. Товарларни импорт қилишда ва сотишда қўшилган қиймат солиғини божхона ва солиқ органларида ўзаро ҳисобга олиш имконияти яратилади. Аукционда олинган давлат активлари ва ер участкалари қийматини бўлиб тўлаш муддати 3 йилдан 5 йилгача узайтирилади. Бунда камида 15 фоиз миқдорида дастлабки тўловни бирйўла амалга оширганда, қолган суммага йиллик фоизлар ҳисобланмайди.