Энергия инқирози дунё мамлакатлари учун катта хавф бўлиб турибди

Кунларнинг карсиллаб совуши ёки аксинча, «ёниб» кетиши, табиий офатлар, музликларнинг эриши, инсониятнинг кутилаётган  қурғоқчилик даври билан тўқнашуви, табиий ресурслар инқирози ҳеч бир минтақа  томорқасини четлаб ўтаётгани йўқ. Хўш, дунё мамлакатлари айни энергия сарфини камайтириш учун қандай тадбирларни амалга оширмоқда?

Франция

Республика энергия танқислиги даврида «Энергия тежаш миллий режаси» ни ишга туширди. Ҳукумат энергия истеъмолини жорий йилда 2019 йил даражасидан 10 %га қисқартириш мақсадини қўйган. Ҳисоб-китобларга кўра, ушбу чора 2050 йилгача энергия истеъмолини 40 % га қисқартириш имконини беради.

Режага кўра, жамоат биноларида иссиқлик ҳарорати 19°C  гача чекланади. Тунда шаҳарлардаги чироқлар ўчирилади. Давлат хожатхоналарида иссиқ сувдан фойдаланиш қисқартирилади, имкон қадар транспорт қатновини камайтириш учун ходимлар уйдан ишлаши таъминланади. Шунинг билан бирга Франциянинг энг йирик 40 та компаниясидан 30 тасида (фойдаланилмаётган биноларда) чироқларни ўчириш, иссиқлик ва кондиционер фаолиятини тўхтатиш мажбурийдир. Ҳар бир хонадонга газда ишловчи иситиш тизимларидан воз кечиб, иссиқлик насосларига (кондиционер) ўтиш учун 9000 еврогача субсидия ажратилди.

Германия

Юзага келган газ танқислиги  фонида Европа Иттифоқи  мамлакатлари газ истеъмолини 15% га камайтириш мажбуриятини олган бўлса, Россия газига қарам бўлган Германия 20% қисқартиришга мажбур бўлди. Бунинг учун мамлакатда энергияни тежаш лойиҳаси ишлаб чиқилди. Унга кўра, тунда кўчаларда чироқлар ўчирилади, совуқ кунларда савдо дўконларида иссиқликни сақлаш учун эшиклар ёпиқ ҳолда туради ва электр энергиясида ёниб турадиган реклама мониторлари тунги соат 22:00 дан бошлаб ўчирилади, жамоат бинолари, сув ҳавзалари, спорт заллари умуман иситилмайди ва корхоналардаги иссиқлик ҳарорати 19°C  гача чекланади. Лекин шифохона, боғча ва мактаб муассасалари бундан мустасно.

Испания

Мамлакат тўлақонли газда исувчи воситалардан кечишга қарор қилди. Биноларда совутиш ва иситиш тизимлари ёзда 27°C дан, қишда 19°C дан ошмаслиги мажбурий этиб қўйилди. Аҳолини темирйўл транспортларига жалб қилиш мақсадида чипта нархлари 50% га камайтирилди.

Япония

Мамлакат ҳукумати энергия тақчиллиги юзага келишининг олдини олиш мақсадида тунда чироқларни ўчиришни буюрди. Япония иқтисод вазири аҳолини уй хўжаликлари ва корхоналарни барқарор таъминлашда муаммо бўлмаслиги учун энергияни тежашга чақирмоқда.

Италия ва Европанинг кўплаб мамлакатлари ҳам юқоридаги каби чорани илгари суришяпти. Ёқилғи инқирозидан қутулиш учун электр токида ишлайдиган автомобиллар, қуёш батарейкаларига бўлган эътиборни оширяпти. Масалан, Венгрия, Болгария, Руминия каби  мамлакатларда иқтисодий ва табиий ресурслар инқирози сабабли аҳолининг ярмидан кўпи табиий газдан воз кечган.