Ўзбекистон сув истеъмоли бўйича дунёда 4-ўринда

Ўзбекистон аҳоли жон бошига сув истеъмоли бўйича дунёда 4-ўринни эгалламоқда.

Worldometers аҳоли жон бошига сув истеъмоли бўйича жаҳон давлатлари рейтингини эълон қилди. Ўзбекистонда ҳар куни ҳар бир одамга ўртача 4754 литр сув тўгри келади. Йиллик истеъмоли эса 54,5 млрд метр кубга тенг.

Бу борада рейтингда қўшни Туркманистон етакчи. Умуман олганда, Марказий Осиё республикаларининг барчаси сув истеъмоли бўйича жаҳондаги етакчи ўринларни эгаллаган.

Бир кунда 5 785 та ариза

pedkadr.uzedu.uz платформасига бир кунда 5 785 та ариза келиб тушди.

Хабарингиз бор, 2024 йил 15 январдан бошлаб мактабгача, умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълим ташкилотлари педагог кадрларининг жорий йилги аттестация жараёнлари учун рўйхатдан ўтиш жараёнлари бошланди.

Ўтган бир куннинг ўзида аттестациядан ўтиш ва малака тоифаларини олишни истаган 5 785 нафар ариза тушган. Ариза берувчиларнинг энг кўп миқдори Қашқадарё вилоятида (495 нафар), энг ками эса, Хоразм вилоятида (268 нафар) қайд этилган.

Мазкур платформаси орқали рўйхатдан ўтиш ва мурожаат юбориш жараёнлари жорий йил 1 мартга қадар давом этади.

2500 йиллик мегаполис топилди

Эквадорнинг Амазонка ўрмонларида камида 2500 йил бўлган қадимий аҳоли пунктлари харобалари топилди. Бу ҳақдаги тадқиқот Science журналида маълум қилинди.

Кашфиёт Франция Миллий илмий тадқиқот маркази ходими Стефан Ростаинг бошчилигидаги археологлар гуруҳи томонидан Амазон ўрмонини кенг кўламли ўрганиш чоғида аниқланган. Лазерли сканерлаш технологиясидан фойдаланган ҳолда кўплаб бинолар топилди. У ернинг улкан ҳудудларини ўрганиш ва оддий шароитда сезиш қийин бўлган яширин иншоотларни аниқлаш имконини туғилди, деб хабар беради lifehacker.ru.

Олимларнинг фикрича, метрополия аҳолиси 10 – минг киши бўлган. Буни худди шу даврда мавжуд бўлган Рим империяси давридаги Лондон аҳолиси сони билан солиштириш мумкин.