Тошкент шаҳри Учтепа туманида бир оиланинг беш аъзоси хонадондан ҳушсиз ҳолда топилди. Бу ҳақда маҳаллий аҳоли вакилларидан бири маълум қилди. Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов ушбу маълумотни тасдиқлади.
Қайд этилишича, 16 январь куни соат 17:00 атрофида туман ички ишлар органларига 1-тонг кўчасида яшовчи 5 нафар фуқаро ҳушсиз ҳолда топилгани юзасидан хабар келиб тушган.
Воқеа жойи ва мурдалар тезкор-тергов гуруҳи томонидан кўздан кечирилган вақтда фуқаролар 36 ёшли М.Н. (она) ва 3 ёшли С.С. (қиз) вафот этгани маълум бўлган. Шунингдек, Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий марказининг токсикология бўлимига оғир аҳволда олиб борилган фуқаро 39 ёшли З.А. (ота) ҳам кўрсатилган тез-тиббий ёрдамга қарамасдан, бир кун ўтиб вафот этган.
Бундан ташқари, фуқаролар 12 ёшли М.С. (қиз) ва 8 ойлик Ф.С. (қиз) ҳушсиз ҳолатда топилиб, РШТЁИМнинг токсикология жонлантириш бўлимига жойлаштирилган.
Бош прокуратурага кўра, ҳодиса жойидан турли хил гиёҳ ва дори воситалари, хонадонда истеъмол қилинган озиқ-овқат маҳсулотларининг барчаси ашёвий далил сифатида олинган.
«Ҳозирда экспертиза тайинланган, ўлимга нима сабаб бўлганини аниқ айта олмаймиз. Аниқ хулосадан кейин оила аъзолари қандай вафот этгани маълум бўлади», — деди Ҳаёт Шамсутдинов.
Ҳолат бўйича Учтепа туман прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 186-моддаси 4-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилган. Дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, дейилади хабарда.