Ўзбекистонда 2023 йилда тез ёрдам хизматига 3,5 мингдан ортиқ ёлғон чақириқ келиб тушди. Бу ҳақда Республика тез тиббий ёрдам маркази директори Абдувоит Гафуров маълум қилди.
Қайд этилишича, тез тиббий ёрдам хизмати фаолиятига салбий таъсир этувчи омиллар кўп. Айниқса, ёлғон чақириқлар сабабли аксарият ҳолларда тиббиёт бригадалари чақириқ манзилига ўз вақтида етиб бора олмайди.
Оқибатда шифокорлар ҳақиқий ёрдамга муҳтож беморлар қолиб, ёлғон қўнғироқ эгаси ва унинг манзилини аниқлаштириш билан овора бўлади.
“Ўтган 2023 йилда ъ103ъ хизматига жами 3505 та ёлғон чақириқ келиб тушди. Қувонарлиси, мазкур кўрсаткични 2022 йил билан таққосласак, асоссиз мурожаатлар сони сезиларли даражада камайганини кўриш мумкин. Аммо шунга қарамай, айрим ҳудудларда ёлғон мурожаатлар сони ҳамон юқорилигича қолмоқда, — дейди Абдувоит Гафуров.
Таҳлилларга кўра, 2023 йилнинг ўтган ўн икки ойи давомида энг кўп бундай чақириқ Тошкент вилоятида қайд этилиб, бу рақам 630 тани ташкил этган. Кейинги ўринда 518 та чақириқ билан Фарғона вилояти жойлашган. Шунингдек, Қашқадарё вилоятидан 502 та ана шундай мурожаат келиб тушган. Энг кам ёлғон чақириқ эса Самарқанд вилоятида рўйхатга олинди — 19 та.