Президент экспорт масаласини «ҳаёт-мамотимиз» деб атади. «Агар валюта баланси, инвестиция ёки конвертацияни давом эттирамиз десак, экспортни импортга нисбатан барқарор ушлаб туришимиз керак», — деди у.
Давлат раҳбари иқтисодий комплекс раҳбарияти (бош вазир ўринбосари Жамшид Ходжаев ва инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов) ҳамда вилоятлар ҳокимларининг 2024 йилга мўлжалланган 18 миллиард долларлик экспорт режаси унга «мутлақо маъқул эмас»лигини айтди.
«Иқтисодиётимизни янги босқичга олиб чиқиш учун экспортни йилига камида 30 фоизга ошириб боришимиз зарур. Одамларнинг жон бошига даромадини оширамиз десак, инвестиция керак бизга, экспорт керак бизга», — деди президент.
2023 йилнинг дастлабки 11 ойи ичида экспорт 23,3 фоизга (23,2 миллиард доллар), олтинни ҳисобга олмаганда эса — бор-йўғи 5,7 фоизга (15,05 миллиард доллар) ўсган. Импорт эса 34,1 миллиард долларга (23.3 фоиз) етган.