Дунё миқёсида қон ва қон яратиш тизими касалликларига чалинган беморлар сони йилдан йилга ортиб бормоқда. Юртимиз аҳолиси орасида ҳам бу каби хасталиклар тез-тез учраяпти.
Ана шундай беморларга гематологик ва трансфузиологик ёрдам кўрсатиш, касалликларни эрта диагностика қилиш, олдини олиш ва самарали даволаш борасида Республика ихтисослаштирилган гематология илмий-амалий тиббиёт маркази мамлакатимиздаги етакчи тиббиёт муассасаси ҳисобланади.
Хабарингиз бор, Президентимизнинг 2021 йил 27 майдаги тегишли қарори асосида алоҳида Республика ихтисослаштирилган гематология илмий амалий тиббиёт маркази ва Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси маркази алоҳида муассасалар сифатида ташкил этилган.
Ушбу марказ 1- ва 2-онкогематология, умумий гематология, кундузги даволаш, ўзак ҳужайралари трансплантацияси, реанимация ва интенсив терапия, стационар даволаш каби бўлимлардан иборат бўлиб, 200 ўринга мўлжалланган.
Бу ерда бажариладиган таҳлилларни авваллари юртимизда мутлақо ўтказиш имкони бўлмаган. Шунинг учун беморлардан олинган намуналар чет элга юборилиб, у ердан тегишли жавобларни кутишга тўғри келар эди. Ҳозирда бу текширишлар марказнинг юқори малакали ходимлари томонидан тўлиқ бажарилмоқда.
Хусусан, диагностика бўлимининг умумий қон таҳлили, морфология, цитохимия, биохимия, қон тизими гемостаз, иммунология, юқори технологик молекуляр-генетика, цитогенетика, FISH, иммуногистохимия, HLA – генотиплаш, микробиология ва вирусология лабораторияларида беморларга тезкор ва аниқ ташхис қўйилади.
Бундан ташқари, касалликларни даволаш ва диагностика қилиш жараёнида секвинатор, цитофлуориметр, НЛА – гентиплаш ускунаси, инвертирланган микроскоп, РОШ анализатори, масс-спектометр, сепаратор, сунъий нафас олиш ва КШС аппарати, кардиомонитор, УТТ, рақамли рентген, стоматологик кресло ҳамда коагулометр каби илғор тиббий асбоб-ускуналардан фойдаланиляпти.
Сўнгги йилларда тизимдаги ижобий ўзгаришлар натижасида марказда трансплантация бўлими ўз фаолиятини бошлади. Бугунгача бу ерда 98 нафар миелом ва лимфома касаллигига чалинган беморларда аутологик ўзак ҳужайралар трансплантацияси амалга оширилди. Мазкур амалиётдан сўнг 70 фоиз беморларда оғриқлар камайиб, ҳаёт сифати яхшиланди.
Қолаверса, ҳозирга қадар муассасада тиббиётимиз тарихида биринчи бор аллоген, яъни донордан олинган суяк кўмиги ўзак ҳужайралари трансплантацияси амалиётлари йўлга қўйилди. Келажакда йилига 100 нафар беморда илик кўчириб ўтказиш амалиётини бажариш режалаштирилган.
Шунингдек, муассасада юқоритехнологик ташхислаш ва даволаш жараёнларини ташкил этиш мақсадида янги 12 та инфраструктура бўлимлари иш бошлади. Унда одатдаги тадқиқот усуллари билан бир қаторда янги лаборатория ва бўлимлар фаолият юритмоқда.