Сурхондарёлик блогер Отабек Сатторий тез орада озодликка чиқиши мумкин. Бу ҳақда Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти фаоли Абдураҳмон Ташанов ўзининг Facebook’даги саҳифасида маълум қилди.
Жамият ахборот хизматининг билдиришича, Ички ишлар вазирлигининг Жазони ижро этиш департаменти Абдураҳмон Ташановнинг икки маҳкум — Даулетмурат Тожимуратов ҳамда блогер Отабек Сатторий билан учрашувига имконият яратиб берган.
Жамиятимиз фаоли Абдураҳмон Ташанов шу йилнинг 12 январь куни Навоийда Даулетмурат Тожимуратов, 13 январда эса Қаршида блогер Отабек Сатторий билан учрашди. Ташановга кўра, икки маҳкумнинг ҳам соғлиғи билан боғлиқ ҳолатдан эътирози йўқ. Улар ўзларига нисбатан чиқарилган суд ҳукмларидан норози, келгусида ўзларининг ҳақ-ҳуқуқлари учун курашни давом эттиришмоқчи.
Қаршидаги манзил колонияда блогер Отабек Сатторий билан учрашув жуда яхши ўтди. Отабек аввало ўзини қўллаб-қувватлаган барчага миннатдорчилик билдирди. Колония бошлиғининг таъкидича, апрель охири, майнинг бошларида у озодликка чиқади. Тикув цехида ишламоқда.
Отабекнинг таъкидича, ўзига чиқарилган суд ҳукми бўйича қайта шикоят қилиш нияти йўқ. Тинчгина ахборот технологиялари соҳасида ишламоқчи. Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёевни юксак салоҳиятли лидер, деб билади ва унга хизмат қилишдан ўзидан фахр туяди. Ташанов эса уни жазо муддати битгач, ўзини оқлашга уринишга чақирган, — дейилади жамият ахборот хизмати тарқатган маълумотда.
Эслатиб ўтамиз, 2021 йил 10 май куни жиноят ишлари бўйича Музработ туман судида Отабек Сатторий (1980 йилда Термиз шаҳрида туғилган, блогерлик фаолияти билан шуғулланади, муқаддам судланмаган) га нисбатан суд ҳукми ўқилган. Унга Жиноят кодексининг бир нечта моддаси билан узил-кесил 6,5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган эди.