Бош прокурор ўринбосари Салом Самадов раислигида Давлат дастурлари ижро этилишини назорат қилиш ва мувофиқлаштириш бўйича Республика штабининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда 2023 йилда давлат дастурлари ижроси доирасида амалга оширилган ишлар, камчилик ва салбий ҳолатлар муҳокама қилинди.
Хусусан, ўтган йилда бюджет маблағлари ҳисобидан молиялаштирилган 14 273 та объектда капитал қурилиш тадбирлари амалга оширилди.
Бунинг натижасида 1 876 та мактаб, 414 та мактабгача таълим ташкилоти ва 522 та тиббиёт муассасасида қурилиш-таъмирлаш ва жиҳозлаш ишлари бажарилди.
Ҳудудлардаги 14 376 км ички ва умумфойдаланувдаги йўллар таъмирланди ҳамда 11 471 км сув тармоғи тортилди.
Бироқ, амалга оширилган ишлар билан бирга вазифалар ижросини таъминлашда камчиликларга ҳам йўл қўйилганлиги қайд этилди.
Давлат дастуридаги 47 та объектда қурилиш-таъмирлаш ишлари муддатида бажарилмаганлиги сабабли улар фойдаланишга топширилмаган.
Қурилишда шаҳарсозлик меъёрларига риоя этилмаганлиги оқибатида 3 716 та ҳолатда 76 млрд. сўмлик ишлар сифатсиз бажарилган ва 1 639 та ҳолатда 74 млрд. сўмлик ишлар ҳисоботларга қўшиб ёзилган.
Шу каби, бюджет маблағларидан мақсадсиз фойдаланиш, объектларнинг лойиҳа-смета ҳужжатларини қиммат нархларда ишлаб чиқиш ёки ортиқча харажат киритиш ҳолатлари сақланиб қолаётганлиги мисоллар билан танқидий муҳокама қилинди.
Йиғилишда бу каби салбий ҳолатларнинг келиб чиқишининг сабаблари муҳокама қилиниб, масъулларнинг тушунтиришлари эшитилди.
Бундан ташқари, йиғилишда 2024 йил учун белгилаб берилган асосий вазифалар ижросини ташкил этиш масалалари кўриб чиқилди.
Бунда объектлар қурилишини муддатида ва сифатли бажариш, ажратилган маблағлардан тежамкорлик билан фойдаланиш, лойиҳа-смета ҳужжатларини тўғри ишлаб чиқиш ва экспертизадан ўтказиш юзасидан мутасаддиларга тегишли кўрсатмалар берилди.