Тошкентнинг “снос”га тушаётган навбатдаги маданий мерос объектлари: бу бинолар ҳақиқатда маданий ёдгорликми ёки йўқ?

“Шарқ” нашриёт матбаа биносининг маданий меърос рўйхатидан чиқарилиши ўзбек блогосферасида турли фикрлар ва муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.

Давактив ва Маданий мерос агентлигининг айтишича, «Шарқ НМАК»га тегишли ҳудуд барча бинолари билан хусусийлаштирилган тақдирда, ушбу ҳудуддаги маданий мерос объекталри бузилмайди. Бу бўйича бўлажак харидорга давлат мажбурияти юкланади. У фақат УзА биноси ва «Шарқ НМАК»га тегишли типографияни бузиши ва у ерда қурилиш қилиши мумкин.

УзАнинг маъмурий биноси маданий мерос объекти эмас

Муфасса ёзади:

“УзАнинг маъмурий биноси маданий мерос объекти эмас ва ҳеч қачон бундай ҳисобланмаган ҳам.

УзА биноси аллақачон алюкобонд билан қопланган ва ҳозирги кунда таъмирталаб аҳволга тушиб қолган. Бино ичига кирсангиз шиптирни хиди келади.

Гап қайси бино ҳақида? Гап ўша УзА биносига туташ ҳудудда жойлашган «Шарқ НМАК»га қарашли ҳозирда шашликчи ва магазинчиларга (иккинчи сурат) ижарага бериб қўйилган бинолар ҳақида кетяпти.  Ҳозирда «шашликхона»га айланган мана шу бино маданий мерос объекти саналади ва буни ҳеч ким бузмоқчи эмас.

УзА биносининг яхлит ўзи маданий мерос объекти ҳисобланмайди, «Шарқ НМАК»га тегишли 3 гектар ҳудудда жойлашган объектлар ёппасига маданий мерос рўйхатига киритилгани учун бу бино ва «Шарқ НМАК»га тегишли типография ҳам ушбу рўйхатга киритилиб қолган.

УзА ҳодимлари учун жойи тайёр. «Шарқ НМАК»га тегишли типография ҳам кўчирилади, директорини кўзларида эса қувонч”.

Рўйхатда борлиги туфайли сотилмай қолган

Рост.24 интернет нашрининг ёзишича, «Шарқ» нашриёти бинолари Маданий мерос объектлари рўйхатида борлиги туфайли сотилмай қолгани учун рўйхатдан чиқарилган.

“Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 15 январдаги қарори билан Миллий рўйхатга тегишли ўзгартириш киритилди. Унда Тошкент шаҳар Буюк Турон кўчаси 41-уйда жойлашган «Шарқ» нашриёт-матбаа корхонаси бинолари Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатидан чиқариб юборилган экан.

Давлат активларини бошқариш агентлиги 2023 йил 20 сентябрида «Шарқ» нашриёт-матбаа корхонаси бинолари ва ЎзА биносини ягона мулкий мажмуа сифатида савдога қўйган.

Шундан кейин эса Маданий мерос агентлиги ҳар иккала бино Ўзбекистон моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатига киритилганини эслатиб, уларни аукциондан олиб ташлаш бўйича огоҳлантириш берган.”

Ўзбек маънавий хазинасига ўт қўйилиши билан баробар

Jurnalistuz бу масалада ғазабини яшириб ўтирмади.

“Ўзбекистонда китоб чиқарган, қўлига бир марта китоб олган одам, ҳатто газетачилар ҳам “Шарқ” нашриётини жуда яхши билишади.

Шу нашриёт уйи бир вақтлар арзон ва сифатли, энг зарур китоблар, газета ва журналларни чоп этиб келган, хаттоки ўзининг санаториялари, болалар лагерларига эга бўлган.

“Шарқ”нинг ер билан текисланиши, ўзбек маънавий хазинасига ўт қўйилиши билан баробар”, дейди блогер.

Маданий ёдгорликлар яширинча, хоинлик ва уятсизларча йўқ қилинмоқда

Блогер Никита Макаренконинг фикрича, Маданий ёдгорликлар яширинча, хоинлик ва уятсизларча йўқ қилинмоқда экан.

“Тошкентнинг энг муҳим рамзларидан бири, меъмор Ричард Блез томонидан яратилган Шарқ нашриёти биноси Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 15 январдаги 28-сонли ёпиқ махфий қарори билан моддий маданий мерос рўйхатидан чиқарилди.

Итвачча каби тубан одамлар, ҳақиқий исмларингиз билан имзо чекишдан қўрқасизми? Тошкентликларнинг юзига қарашга руҳ ва журъат йўқми? Маданий ёдгорликлар яширинча, хоинлик ва уятсизлик билан йўқ қилинмоқда.

Қандай бўлмасин ҳамма нарса эртами-кечми элга маълум бўлади ва сизнинг исмларингиз уят билан қоплайди”.

Бу масалада Ўзбекистон Маданий мерос агентлигининг муносабати қандай?

Ўзбекистон Маданий мерос агентлиги «Шарқ» нашриёт-матбаа ижодий уйи бино ва иншоотлари маданий мерос объектлари рўйхатидан чиқарилиши ҳамда фаолларнинг мажмуа ўзининг аввалги қиёфасини сақлаб қолмаслиги хавотирига оид постларига муносабат билдирди. Агентликнинг қайд этишича, 1914−1983 йиллар мобайнида бунёд этилган 14 та бино ва иншоотдан иборат мажмуада 2023 йилнинг 14 октябрида ишчи гуруҳ мазкур объектларда тарихий ва маданий экспертиза ўтказган.

Гуруҳ таркиби Маданий мерос агентлиги вакиллари, агентлик ҳузуридаги Илмий эксперт кенгаши аъзолари, Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳамда «Шарқ нашриёт-матбаа корхонаси» акциядорлик жамияти ходимларидан иборат бўлган. Экспертиза натижаларига кўра, ишчи гуруҳ томонидан бино ва иншоотларнинг аксарияти тўлиқ реконструкцияни тақозо этувчи авария ҳолати, аянчли аҳволда экани тўғрисида тегишли хулосалар қилинган. Шунингдек, тарихий ва маданий аҳамиятга молик бинолар аниқланган. Хабарда агентлик гап қайси бинолар ҳақида кетаётганини аниқлаштирмаган.

Шу билан бирга, Давлат активларини бошқариш агентлигига мулк мажмуасининг реализация қилинишида «ЎзА» (литер 0002) маъмурий биносининг тарихий меъморий қиёфасини сақлаб қолиш зарурлиги, келгусида эса қурилиш, таъмирлаш ва реконструкция ишларини Маданий мерос агентлиги билан келишилган ҳолда амалга ошириш вазифаси юклатилгани қайд этилган.

Шу тариқа Маданий мерос агентлиги «Шарқ» нашриёти биноларининг маданий мерос объектлари рўйхатидан чиқарилишини аксарияти аянчли ҳолатида экани ва тўлиқ реконструкцияни тақозо этиши билан изоҳлаган.