Халқимизда «Хўп дегину, қутулгин», деган «классик» бир ибора бор. Бу ибора бизнинг амалдорлар учун айниқса жуда мос келади. Нега дейсизми? Гап бундай.
Бугун Президент раислигида ўтказилаётган йиғилишда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигига вилоят ҳокимлари билан бирга “ноқонуний кесилган ҳар бир дарахт ўрнига 100 та кўчат экиш” тизимини жорий қилиш топширилди. Аммо…
Давлат раҳбари ташаббуси билан 2021 йил ноябрь ойидан бошлаб ҳар йили 200 млн туп (кузда 85 млн, баҳорда 125 млн) дарахт экиш лойиҳаси амалга ошириб келинмоқда. Узоққа бормайлик, масалан ўтган йили октябръ ойида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида 25 октябрдан 1 декабргача, «кузги дарахт экиш мавсуми» эълон қилинди, унинг доирасида 85 миллион туп кўчат экиш режалаштирилди.
Ҳа, ўтган уч йил мобайнида яшил ҳудуларни тиклаш учун катта эътибор ва маблағ сарфланди. Оммавий ҳашарлар ўтказишда ободонлаштиришдан тортиб тортиб халқ артистларигача жалб қилинди. Бир кун у ҳудудда, бир кун бу ҳудудда ташкилот раҳбарлари ходимларини бурнидан тортиб шахсий «пияр»и учун кўчатлар эктирди. Бир қарашда ҳаммаси зўр, ҳаммаси жойида, кейин-чи?
Ҳашарлар ўтди, томоша тугаб, миллионлаб экилган дарахт ва арча кўчатлари қаровсизлик, сувсизликдан илдиз отмасданоқ қуриб битди. Айрим ҳудудларда экилган кўчатлар эртасигаёқ таг-туги билан қўпориб ташланди. Лекин асосийси айтилган топшириқ бажарилди, ҳаммаси «есть». Ўртада увол бўлган шунча кўчат, совурилган маблағ ва вақт қолди ҳолос.
Ким билсин, агар бу галги топшириқ ижроси ҳам қатъий назорат остига олинмаса, «Суғур куни» каби яна аҳвол қайтарилади. Ижро фақат бир талай қоғоздан иборат бўлган «ясама» ҳисоботлар учун амалга оширилади. «Экологияни асраш керак» шиори остида дарахтлар муттасил кесилаверади, шаҳарлар қуриб-қақшаб, аҳоли кундан кунга чангда бўғилиб адо бўлаверади. Айтганча, ҳали олдинда жазирама аномал ёз келаяпди. Қайнаб турган шаҳар ва печкадек ёнаётган бетонларни ичида жон сақлашни ўйлаш эса, даҳшатли…