Эндиликда озодликдан маҳрум қилинган шахсларнинг жазони ижро этиш муассасаларида жазони ўташ даврида бажарадиган ҳар қандай иши пенсия олиш ҳуқуқини берадиган иш стажи тоифасига киритилиши мумкин.
Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси Ишчи гуруҳ мажлисида айрим қонун ҳужжатларига фуқароларнинг ижтимоий ҳимоясини янада кучайтиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритишни назарда тутувчи қонун лойиҳаси муҳокама қилинди.
Маълум қилинишича, қонун билан «Ижара тўғрисида»ги қонунга ижарачининг ногирон бўлиб қолганлиги ижара шартномасини тугатиш учун асос бўлишини бекор қилишни назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилмоқда.
Шунингдек, «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги қонунга ҳам қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда. Хусусан, озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахсларнинг жазони ижро этиш муассасаларида жазони ўташ даврида бажарадиган ҳар қандай иши, агар ушбу иш бажарилган давр учун жазони ижро этиш муассасаси томонидан ижтимоий солиқ тўланган бўлса, ушбу фаолият турини пенсия олиш ҳуқуқини берадиган иш стажи тоифасига киритиш назарда тутиляпти.
Қонунга киритилаётган яна бир янгилик – пенсия тайинлашни сўраб мурожаат этиш тартиби такомиллаштирилиб, фуқароларнинг пенсия тайинлаш учун давлат хизматлари марказлари ёки ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали мурожаат қилиш ҳуқуқи назарда тутиляпти.
Бундан ташқари, пенсия миқдори расман белгиланган энг кам истеъмол харажатларидан оз бўлиши мумкин эмаслиги белгиланмоқда.