Статистика агентлиги маълумотларига кўра, Ўзбекистоннинг доимий аҳолиси ўтган 104 йил давомида 32,4 миллион кишига кўпайди.
Бундан 104 йил аввал — 1920 йилда мамлакатда 4,4 миллион одам яшаган. Орадан 10 йил ўтиб, бу кўрсаткич (1930 йилда) 4,9 миллион кишига етган.
Республикада 1940 йилда 6,6 миллион одам истиқомат қилган. Кейинги 10 йилликда (1950 йилда) аҳоли сони 400 минг кишига камайиб, 6,2 миллион кишини ташкил этган.
1960 йилга келиб доимий аҳоли сони 8,4 миллион, 1970 йилда 11,8 миллион, 1980 йилда 15,8 миллион кишига етган. Шундан кейинги 10 йилликда ҳам сезиларли демографик ўсиш кузатилиб, 1990 йилда мамлакат аҳолиси 20,2 миллион нафар бўлган.
Ўзбекистон аҳолиси 2000 йилда 24,5 миллион кишини, 2010 йилда 28 миллион кишини ташкил этган. Ва 2020 йилгача бўлган даврда республика аҳолиси илк бор 30 миллион кишидан ошган. Хусусан, 2020 йилда 33,9 миллион киши мамлакатнинг доимий аҳолиси сифатида рўйхатга олинган.
Сўнгги тўрт йиллик демографик ўсишларга назар ташланса, 2021 йилда аҳоли сони 34,5 миллион, 2022 йилда 35,3 миллион, 2023 йилда 36 миллион бўлган. Республикада 2023 йилда аҳоли 775 минг кишига кўпайиб, 2024 йил 1 январь ҳолатига 36,8 миллион кишини ташкил этди.