Шарқдаги Пушкин фожиаси

Усмоннинг юрагида баҳайбат арслон яшарди. Вужудидан отилиб шеърларига жо бўлган ўтли ҳайқириғи бирон пок қалб соҳиби йўқки, барини зир титратмаган бўлса. У шундайин забардаст, жасур, оташ нафас шоир эди.

Усмон ўзбек адабиёти оламига 18 ёшида бўрондек кириб келди ва ўша даврдаги манаман деган шоир-у, адибларни чангида қолдириб кетди. Унинг сатрларида янграган жасорат, гўзаллик, муҳаббат ва озодлик куйлари шўро даври адабиётни ағдар-тўнтар қилиб ташлади.


Башорат

1912 йил. Наманган. Ақраб ойининг 22 санасига ўтар кечаси Маматхўжа эшоннинг завжаси Холамбибининг кўзи ёриди. Эшон зурриётимнинг исми Усмон бўлсин деб, ўғлига шу исмни берди. Усмон эндигина 4 ёшга тўлганида оғир касаллик отасини тўшакка кишанлаб қўйди. Вафотини сезган Маматхўжа ўлимидан олдин Холамбибига васият қилди “Бибижон, Усмонимни эҳтиёт қил, у ҳали буюк инсон бўлади. Аммо, ғанимлари ва қора кунлари ҳам бисёрдир. Зурриётимни сенга, сени эса яратганга топширдим!”

Мамтхўжа омонлигини топширди. Холамбиби ота уйига қайтди. Бир йил ўтар ўтмас инилари уни қўшниси Носирхўжага турмушга беришди. Оила Фарғонага кўчиб кетди. Носирхўжа Усмонни интернатга берди. Ҳали мактаб чоғлариданоқ Усмоннинг шеърлари матбуотда чоп этилиб элга танила бошлади.

Пушкиннинг туғилиши

1929 йил. Руссий забонларнинг мафкуравий кураши авж олган, миллатпарастлик бошланган кезлар эди. Айни ўша кезлари, 1929-йилларда Усмон Москва Кинематография институтининг сценарий факультетида ўқиди. Аммо бир йил ўтмай ўқишни ташлаб кетди. Чунки, домлалар Усмоннинг ўзбеклиги учун унга паст назар билан қарашлари, халқини, қадриятларини оёқ ости қилишлари унинг нафсоният деворларини ўпириб юборган эди.

1930-1933 йилларда Усмон Алишер Навоий номидаги Самарқанд Педагогика академиясининг тил ва адабиёт факультетида бир муддат таҳсил олди. Аммо… Академия раҳбари ёқтирган талаба қиз уни севиб қолгани учун Усмонни ўқишдан ҳайдашди.

Тўсиқларга қарамай Усмон ижод дунёсини шиддатла заб этар, ҳеч бир ўзбек шоирлари унга бу йўлда бас келолмас эди. Замонасининг эркаклари унга ҳасад, ғанимлик кўзлари билан боқса, аёл-қизлари унинг асарларига мафтун ва ошиқ бўлиб бораверарди.

1937 йил. Шоир шеърлари Туркистон гумбазларини бузиб Москва диёрларини ишғол этди. Бутун руссия у ҳақида гапирди. Шеърларини бирин-кетин рус тилига таржима қилинди. Йигирма тўрт ёшлик ўктам бу ўзбек йигитининг суратлари газета муқоваларини тўлдирди. Унинг исми Сталин маҳв этган майдонлар узра баралла янгради:т Ҳайҳот! Шарқда янги Пушкин пайдо бўлибди.

Чаённинг намойиши

Усмоннинг атрофида қора калхатлар галаси кўпайди. Янги Пушкиннинг пайдо бўлиши Шўро ҳукуматига ҳам, баъзи ўзбек адабиётчиларига ҳам ҳуш ёқмас, аксинча жиғига тегади. Усмонга устоз тутинган Чўлпон, Абдулла Қодирий ҳарчанд уни ҳимоялашга уринмасин, Усмоннинг қизиққонлиги, жиззакилиги ва аччиқ тили жим туришига изн бермас эди. Унинг шеърлари қанчалик машҳур бўлса, ғанимларнинг кўзлари ҳам шунчалик қонга тўлар эди.

Тунларнинг бирида Усмон ширакайф, уст боши абгор уйига қайтди. Ўғлининг ҳолини кўрган Холамбиби қўрқувдан дир-дир қақшади. “Она! Ўғлингни Ёзувчилар уюшмасидан ҳайдашди. Уни “Халқ душмани” дейишди. Мен душманманми, она?! Ҳа, ҳа мен душманман! Мен ўз миллатини ўзгалар оёғи остида топталишига кўз юмган ватанфурушларнинг душманиман, она!”

Тонгда Усмонни олиб кетишди. Сингиллари уввос солди, Холамбиби юрагини тутди. Орадан ойлар вақт ўтди. Усмондан на хабар бўлди ва бир садо. Қишга яқин хат келди. “Жон синглим, кийимларимни келтириб бер. Кетадиганга ўхшайман…” Улар охирги марта ўша куни кўришди. Сўнгги дийдор, сўнгги видолашув бўлиб қолди ўша кун…

Сўнгги фожиа

Эндигина 25 қоралаган навқирон бу йигит тенгқурлари сингари гўшангаларга куёв эмас, “халқ душмани” бўлди. Ҳаммадан бурун ундан ўз халқи, илмсизлик ва жаҳолат ботқоғига ботган мана шу ўзбек халқи юз ўгирди! Сургун этилди у.

Совуқдан қақшаган музли ўлкалар Усмоннинг ўпкасини аста емирди, жисмини хароб этди. 1943 йилга бориб қаттиқ тоби қочди, қўл-оёқларини совуқ урди. Аммо юрагида оташ уриб турган ватан, ижод ишқи уни шер ёзишга ундарди. Усмон қамоқхонанинг қонроғу ва заҳт хоналарида азобла сония ўтказаркан, юрак оҳларини жисмидан оққан қон билан зиндон деворларига шеър қилиб битарди.

Термиламан: қичқиради йиллар, одамлар.

Эшитилар менга улар босган қадамлар…

Баҳора келди. Усмоннинг руҳи заиф этилган танани тарк этиб Аршга етди. Сибирнинг қаҳратони қўйнидаги камерада, 32 ўзбекнинг оташқалб истеъдоди бу оламни тарк этди…

—————————

Усмон Носир ўзбек адабиётнинг буюк дарғаларидан бири, ҳақиқий истеъдоди эди. Афсуски улкан чинор бўлиб етишишидан ҳайиққан ғанимлар уни ниҳоллик пайтларидаёқ топтаб ташлади. Аламлиси эса, Усмоннинг бошига етган ана ўша ғанимлар бир Сталиннинг қонхўрлиги эмас, балки ўзимизнинг қондош ва жондош миллатдошларимиз, Ўзбекистон Ёзувчилар Уюшмаси аъзолари, ўзбек адибларининг чиркин худбинлиги эди…

“Бўлмоқ истаб шеърият ичра дарға,

Итардилдар мени чуқур бир жарға”…