Ясама ватанпарварликдан мадҳиябозликка қадам

Аввал маҳаллаларда, энди эса мактабларда ҳам ҳар куни эрталаб мадҳия айтиш топшириғи берилгани муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.

Бу оғзаки топшириқлар “Ватанпарликни ошириш”, “ёшларни Ватанпарварлик руҳида тарбиялаш” мақсадида берилган, бир қарашда ёмон томони йўқдек. Тўғрида, чунки мадҳия ижро этиш бу – яхши иш ва шубҳасиз у инсонда ватанпарварлик, Ватанга бўлган муҳаббат ҳиссини оширади.

Аммо мажбуран, кимларнингдир топшириғига асосан, видеоҳисоботлар учун ҳар куни бажариладиган бўлса, тескари таъсир кўрсатиши аниқ. Ва бу жараённи “миллий ғоя”, “маънавият” борасидаги ҳаракатлар мисолида кўрдик ҳам.

“Ватанпарварлик ” деган сўзнинг ўзини олайлик. Бу тушунча кўпчилик учун ясама, сохтакор, баландпарвоздек туйиладиган бўлиб қолган. Нега?

Мактаб даврида она тили фанидан ёзилган иншо ва баёнлар эсингиздадир. Кўпинча Ватан, ватанпарварлик, мустақил юрт каби мавзулар берилар, дафтарни қийналмай тўлдирардик.

“Киндик қонинг тўкилган тупроқ”, “Ватанни севиш иймондан”, “Ватан остонадан бошланади” каби ўзимизники бўлмаган, ўзимиз ҳис этмайдиган жумлалар саҳифанинг энг аввалидан жой оларди.Лекин мактабда (ҳозир ҳам) “ватанпарвар”, “ватан” сўзлари ҳамма фанлардан яхши ўқийдиган, дарсларга ўз вақтида келадиган, тартиблиларни калака қилиш учун ишлатилади.

“Маънавиятчи”, “маданиятшунос” каби кесатиқлар ҳам пайдо бўлиши бежизга эмас. Ёзилган иншолар, айтилган баландпарвоз сўзлар билан қалбда бу туйғуни шакллантириш мумкин бўлганида одамларда ҳозир “суриш керак” деган истак пайдо бўлмаган бўларди.

Аммо…

Ватаним, халқим деб ёқа йиртаётганларнинг бирор марта мадҳия эшитганда кўзи ёшланганганмикан?

Ё “Ватан туйғуси”ни алоҳида фан сифатида ўтган, баландпарвоз шиорлар қуршовида улғайган одамлар юрт байроғи ҳилпираб турганда қалбида ғурур ҳиссини туйганми?

Кимнинг Ватан ҳақида қўшиқ эшитиб, кўзи ёшланган?

Ваҳоланки, ақлимизни танигандан буён Ватанга садоқат, элга хизмат, фидойи фарзанд каби сўзларни эшитамиз.

Тарих такрорланади, деганларидек, бугун яна худди шундай сохтакорлик кампанияси бошланяпти. Одамларни нуқул фидойиликка, ўзидан кечишга, жонбозлик кўрсатишга чорлайдиган тушунчалар эскиргани,ортиқ жозибадор кўринмаслигини тушуниш айрим “ески одам”ларга қийинлик қилмоқда.

Тупроққа қорилган, қадри тушириб юборилган тушунчалар орасига яна бири қўшилиб келяпти. Эндиги навбат мадҳиядан бездиришга…