«Бахти Ташкентский» Бахтиёр Қудратуллаевнинг акаси Шухрат Қудратуллаев қўлга олинган. Бу ҳақда Kun.uz манбаси хабар берди.
1966 йилда туғилган Шухрат Қудратуллаев олдинроқ Жиноят кодексининг 165-моддаси (товламачилик) билан тергов қилинаётган жиноят иши доирасида терговдан қочиб яширинган эди.
У билан бирга яна икки киши – 1964 йилда туғилган Ҳусан Исомиддинов ҳамда 1988 йилда туғилган Феруз Вапаевга нисбатан ҳам қидирув эълон қилинганди. Ушбу шахсларни кўрган ёки қаерда эканлиги ҳақида маълумотга эга бўлганлардан Тошкент шаҳар ИИББга мурожаат қилиш сўралган.
Олдинроқ «Бахти Ташкентский»нинг икки ўғли – Бегзод Бахтиёрович Зафаров ҳамда Қудратуллаев Ихтиёр Бахтиёр ўғли ҳам жиноят содир этишда гумонланиб қўлга олинганди.
