Монополистик одат: бензин нархи кўтарилишидан олдин сунъий дефисит яратилдими?

Йил охиригача сотувдан бутунлай олиб ташланиши мўлжалланаётган АИ-80 бензин нархи кўтарилгани яна шов-шувга айланди. Гап шундаки, бугун Тошкент шаҳридаги «Ўзбекнефтгаз» шохобчаларида АИ-80 автобензини 7 000 сўмдан сотилишни бошлади. Бунга қадар унинг нархи 6 800 сўм эди.

Кўплаб муҳокамаларга қарамай,«Ўзбекнефтгаз» ҳали-ҳамон сукутда, нарх оширилишига нима сабаб бўлгани тушунтирилмади. Бироқ сўнги кунларда содир бўлган воқеа-ҳодисалардан бу навбатдаги «монополистик одат» эканини тушуниш мумкин.

Тошкент шаҳридаги кузатувларга кўра, охирги бир ойда UNG Petro ёнилғи қуйиш шохобчаларида Аи-80 бензини фақат эрталаб сотилаётгани боис Аи-80 бензинини олиш учун узун навбатлар юзага келмоқда. Бензинга талаб ошиб кетдими, нега танқислик кузатиляпти, деган савол туғилиши мумкин. Жавоб эса оддий, шунчаки сунъий танқислик яратилиб, нарх оширишга фурсат яратилди.

Қайд этилишича, кеча 25 февраль куни 609та газзаправка 3 899 минг куб газ сотган. Бу битта заправкага 6,4 минг кубдан тўғри келади дегани. 22 февраль кунига тааллуқли маълумотга кўра битта заправка 6,7 минг кубдан газ тарқатганди.

Ўзбекнефтегаз кеча АЁҚШларга 4 баробар кам 1 073 тонна бензин етказиб берган. 22 февраль куни АЁҚШларга етказилган бензин 4 332 тоннани ташкил этган эди.

Узундан-узун навбатлар сабабини юқоридаги рақамлар тасдиқлайди. Сунъий тақчиллик, узундан-узун навбат. Аммо бироз қиммат бўлса ҳам навбатсиз олганингизга нима етсин, тўғрими?