“Снос”га тушган Бухоро додини кимга айтсин – ҳокимгами, вазиргами ёки ЮНЕСКОга?

Бугун боғчада дейсизми, мактабдами дейсизми, ишдами, автобусдами, такси ёки дўконларда ҳам, қаерга қараманг – бухороликлар ҳамма жойда об-ҳаво ўрнига ҳам Бухоро марказида бўлаётган қурилиш ҳақида норозилик билан гапиряпти.

Ижтимоий тармоқлардаикки йил олдин миллиардлаб пул сарфлаб таъмирланган Бухоро Арена марказий стадионининг бузилиш ҳолатлари акс этган видео тарқалди. Бунга сабаб эса янги “Бухоро туризм маркази”нинг қурилиши.

2024 йил 21 февралдан бузилиши бошланган стадион ўрнида ва унга туташ ҳудудларда Бухоро туризм маркази қуриш режалаштирилган. Бу ҳақда 2022 йил 26 декабрда бош вазир Абдулла Арипов ўтказган йиғилиш баёнида айтилган эди. Унда Бухоро шаҳрининг 32,6 гектар ҳудудида туризм шаҳарчасини қуриш, ҳудуддаги 29 та ташкилот ва муассасаларни бошқа ҳудудларга белгиланган тартибда кўчириш таклифлари маъқулланган. Ушбу маъқулланган таклифлар орасида Бухоро стадиони ҳам бор.

“Потребител Бухара” каналининг маълумот беришича, Бухоронинг марказий маъмурий биноларига туташ бюджет пулига янгидан қурилган коллеж биноси ҳам бузилган. Ташландиқ ерга кўчирилган коллеж ўқитувчилари норозилигига қарамай янги бино ҳам айни дамда ана шундай кўринишда, деб ёзади канал муаллифи.

Ваъдалар ваъдалигича қолди

Бир йил олдин жамоатчиликнинг қатъий қаршилиги вақтида ўтказилган матбуот анжумани давомида журналистлар ва жамоатчиликнинг Бухоро марказидаги демонтаж ишлари бўйича берилган саволларига:

«Стадион борасида муносабат билдирган фуқароларимизга раҳмат, дейман, бу билан бефарқ эмасликларини билдиришди. Фақат фикр билдиришда, бир-биримизни ҳурмат қилайлик. Агар лойиҳа тасдиқланиб, шариф шаҳримиз инфратузилмасини янгилаш амаллари бошланса, ҳоким сифатида, ваъда бераман, инвестор янги стадион қуриб бергандан кейингина Бухоро стадионини бузиш бошланади», – деган эди вилоят ҳокими Ботир Зарипов. Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазири Ботир Зокиров ЮНEСКО рухсатисиз Бухоро шаҳрининг тарихий марказига туташ мазкур ҳудудда битта ҳам мих қоқилмаслигини айтганди.

Бироқ бу вадалар унутилиб, вилоят бош архитектори Зуҳриддин Муҳиддиновнинг Бухоро спорт мажмуаси эскиргани, юқори балкон қисми авария ҳолатида экани, кўп томошабинларни жойлаштириш хавф туғдириши ҳақидаги важлари билан бузилиш ишлари бошлаб юборилди.

Бузғунчилар бузиш жараёнидан худди босқинчилар каби лаззат олишмоқда

Ушбу ҳолат ижтимоий тармоқларда кўплаб муҳокама ва эътирозларга сабаб бўлмоқдаб аммо энди фойдаси йўқ…

Иқтисодчи Отабек Бакиров ўз саҳифасида:

“Энергетикадаги шиширилган самарасиз лойиҳалар ва Бухоронинг бузилиши бир занжирнинг ҳалқалари. Мен тўғриси, билмайман, улар Ўзбекистон ва Ўзбекистоннинг биринчи пойтахти Улуғ Бухоронинг душманларими ёки йўқми. Лекин ишончим комилки, бузғунчилар бузиш жараёнидан худди босқинчилар каби лаззат олишмоқда. “Сингапурлик инвесторлар”нинг ўзбеклик ва ўзбекистонликка нафратини яширмаётгани биринчи марта эмас.

Яна ишончим комилки, Бухорода 2024 йил 26 февраль Тошкентда 2009 йил 13 ноябрда сквердаги дарахтларни кесишнинг бошланиши каби эсда қолади ва тарихга қора саҳифа бўлиб киради.

Яна ишончим комилки, яқин тарихимиздаги самарасиз ва зараркунанда лойиҳаларнинг ясама туристик марказлар қурилишига бевосита боғлиқлиги мавжуд ва бунда Бухоронинг бузилиши ҳам истисно эмас. Бу ҳалқалар ҳақидаги шармандали суриштирувлар чиқиши вақт масаласи холос.
Ҳеч нарса унутилмайди”, деб ёзди .

Бухоронинг ҳам, Ўзбекистоннинг ҳам душманлари

Муҳрим Аъзамхўжаев эса ичимиздаги душманлар ЮНЕСКО рўйхатларидаги энг катта жавоҳирларимиз ҳудудида зараркунандалик қилади дея фикр билдирган:

“Бухоро марказида бир дунё иморатларни бузиб, ўрнига ясама тарихий шаҳарча қурмоқчи бўлаётганлар – Бухоронинг ҳам, Ўзбекистоннинг ҳам душманлари. Албатта, бу душманлар кун тартибида ўзбекистонликларни рози қилиш, ўзбекистонликлардан розилик олиш деган масала йўқ. Камига ЮНЕСКОни ҳам рози қилишмабди. Ваҳоланки, ЮНЕСКО кўрсатган ҳурмат-эътибор – Бухоронинг қийматини ошириб турган нарсалардан бири.

Бир тарафда давлат хизматчилари ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатидаги Ўзбекистонга алоқадор объектларни кўпайтиришга уриниш билан овора – неча минг йиллик қўрғону қалъаларни, бетакрор табиий маконларни халқаро ташкилотнинг у ёки бу рўйхатларига киритиш учун жон олиб, жон беради. Бошқа тарафда эса ичимиздаги душманлар ЮНЕСКО рўйхатларидаги энг катта жавоҳирларимиз ҳудудида зараркунандалик қилади.

10 йилча аввал Шаҳрисабзни реставрация эмас, реконструкция қилиб ташлашганида, ЮНЕСКО уни ўз рўйхатидан чиқариб ташлаш билан таҳдид қилган, аммо охир-оқибат кўнгилчанлик қилганди. Чакки қилган ўшанда ЮНЕСКО – Шаҳрисабзнинг тарихийлигини йўқ қилган душманлар ўшанда муносиб жазоланганида эди, ҳозир, эҳтимол, тарихий шаҳарларимиздаги қурилишлар етти эмас, етти юз марта ўйланиб, кейин бошланган бўларди.

Лекин ҳали ҳам кеч эмас. ЮНЕСКО энди жазоласин – ҳозир бўлаётган ишлар учун Бухорони ўз рўйхатидан чиқариб юборсин. Ичимиздаги душманларни тор-мор келтиришнинг бошқа чораси йўқ, назаримда”.