Зойир Мирзаев ўқувчиларнинг телефондан фойдаланишини нега тақиқламоқчи?

Кеча ижтимоий тармоқларда Зойир Мирзаевнинг “Телефонсиз мактаб” ташаббуси кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлди. Кўпчиликда савол туғилиши табиий, Тошкент вилояти ҳокими ўқувчиларнинг телефондан фойдаланишига нега қарши?

Телефон болаларни ҳам, катталарни ҳам бузади

Тошкент вилояти ҳокими 27 февраль куни Чирчиқ шаҳрида бўлиб ўтган таълим кенгашининг йиғилишида Тошкент вилоятида ўқувчиларга ҳам, ўқитувчиларга ҳам телефондан фойдаланишни тақиқлаган мактабларга 300 млн сўм ваъда қилинди.

Вилоят ҳокими Зойир Мирзаевнинг фикрича, телефон болаларни ҳам, катталарни ҳам бузади. «Қўлда телефон деган бало бор экан, ҳамма нарса бўлиши мумкин», — деди у.

Мирзаев Марказий Осиёнинг барча мактабларида ўқувчиларнинг мактаб ҳудудида телефондан фойдаланиши таъқиқланганини айтар экан, Ўзбукистонда мактабларда телефондан фойдаланишни чеклаш ташаббуси билан биронта ҳам мактаб раҳбари чиқмаган.

Ҳокимнинг таъкидлашича, ўқитувчиларнинг мактабда телефондан фойдаланиши тақиқланса, уларнинг асаблари жойига келади, психологларга ҳам талаб пасайиб кетади.

Зойир Мирзаев ота-оналар билан келишилган ҳолда “Телефонсиз мактаб” ташаббуси билан чиққан мактабга рағбатлантириш тариқасида 300 миллион сўм ажратмоқчи.

“Қўлда телефон деган бало бор экан, ҳамма нарса бўлиши мумкин”

2023 йилда Тошкент вилоятида 139 нафар мактаб ўқувчилари томонидан 122 та жиноят содир этилган бўлиб, шундан 44 нафари 9-синф ўқувчилари, 34 нафари 10-синф ўқувчилари, яна 29−30 фоизи 11-синф ўқувчиларидир.

У Ангрен (2 тадан 11 тага), Бекобод (3 тадан 9 тага), Бўка (4 тадан 8 тага), Оққўрғон (1 тадан 4 тага), Чиноз (2 тадан 6 тага) туманларида мактаб ўқувчилари ўртасида жиноятчилик ошганини маълум қилди.

“Бундан хулоса қилишимиз керак. „Менинг мактабимда жиноят бўлмайди“ деб ҳеч ким кафолат бера олмайди. Қўлда телефон деган бало бор экан, ҳамма нарса бўлиши мумкин. Телефон ўқувчиларни бузяпти деб, таклифлар берасизлар. Ўзимизни ҳам бузмаяптими мабодо? Улар ўзимизни ҳам бузяпти”, — деди у.

Шунингдек, у бошланғич синфларда ўқиётган ўқувчиларнинг ота-оналари мажлисига ота-оналар эмас, уларнинг ўрта синфларда ўқиётган фарзандлари келаётганини айтди.